15:15 / 29.01.2020
1
7120

Amnesty International Трампнинг Исроил ва Фаластин бўйича режасини танқид қилди

Фото: AP Photo/Alex Brandon

Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилиш бўйича АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан таклиф этилган ташаббус халқаро ҳуқуққа зид ва Яқин Шарқда тинчликка эришишга хизмат қилмайди. Бу ҳақда Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг баёнотида маълум қилинди.

"Келишувда акс этган ҳудудлар алмашиш тамойили Фаластин ҳудудининг келгусида ҳам истило этилишига олиб келишини англашимиз лозим. Фаластин ерларини ярим асрдан ортиқ вақт давомида истило қилиб келган Исроил фаластинликларнинг асосий ҳуқуқларини инкор этган ҳолда уларга нисбатан камситиш тизимини мустаҳкамлади. Бу келишув ана шу шафқатсиз, қонунга зид сиёсатни маъқуллаш демакдир", - дейилади ташкилотнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўлими раҳбари Филип Лютернинг баёнотида.

Amnesty International халқаро ҳамжамиятни Америка раҳбарининг ташаббусларини рад этишга чақирди.

Аввалроқ Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан биргаликда берган матбуот анжуманида Вашингтон томонидан таклиф қилинаётган “аср келишуви” шартларини эълон қилганди.

Дастлаб келишувга кўра, пойтахти Шарқий Ал-Қудсда жойлашадиган Фаластин давлати ташкил этилиши маълум қилинган. Бироқ кейинроқ Нетаньяху Фаластин пойтахти Ал-Қудс ортида, Абу-Дис шаҳрида жойлашишини айтган. 

Шунингдек, режага кўра, фаластинликлар ўз ҳудудини 2 баробарга оширишлари мумкин бўлади, Аббос музокараларга рози бўлса, АҚШ унга Фаластин давлатини ташкил этишда ёрдам беради.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф АҚШ режасини “Яқин Шарқ ва бутун дунё учун даҳшат” ҳамда “касодга учраган қурувчи учун орзудаги лойиҳа” эканини айтган.

Режа бўйича Қатар ҳам танқидий фикр билдирган ва тинчликка эришиш учун “фаластинликларнинг 1967 йилдаги чегаралар ҳисобга олинган мустақил давлат ташкил этиш ҳуқуқларига амал қилиниши лозимлиги”ни таъкидлаб ўтган. Шу билан бирга Доҳада АҚШнинг араб-исроил можароси ечимини топишдаги саъй-ҳаракатлари қадрланиши айтилган. 

Саудия Арабистони ҳам АҚШнинг “аср келишувини” юқори баҳолаб, томонларни Вашингтон воситачилигидаги тўғридан-тўғри музокараларга чақирган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top