21:34 / 30.01.2020
0
4063

Йўлбўйи ва туристик инфратузилмалар Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилмоқда

2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Фото: Ўзнефтегазинспекция

Ўзбекистонда маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар учун қўшимча қулай шароит яратиш мақсадида АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларни замонавий талабларга мувофиқ жиҳозлаш ва мослаштиришга доир қатор ишлар амалга оширилмоқда, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги “Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС ва АЁҚСларнинг фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Қарорга мувофиқ, мазкур объектларнинг жорий ҳолатини мониторинг қилиш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилган. Уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, юзага келаётган муаммоларни ҳал этиш учун жорий йилнинг 27 январь куни Республика ишчи гуруҳи аъзоларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи амалга оширилди.

Куни кеча ишчи гуруҳ Қорақалпоғистон Республикасидаги бир қатор ёқилғи қуйиш шохобчаларига ташриф буюриб, Қарорга асосан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ишчи гуруҳ томонидан санитария-гигиена шохобчалари қурилишида йўл қўйилаётган камчиликлар кўрсатиб берилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Шу масалаларга бағишлаб ўтказилган услубий йиғилишга ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари ва барча турдаги ёқилғи қуйиш шохобчалари масъуллари жалб этилди. Унда Қарор талаблари ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича фаолият юритаётган 170 дан ортиқ ёқилғи қуйиш шохобчаларида замонавий санитария-гигиена шохобчалари қурилишини жорий йилнинг 1 мартига қадар якунлаш чораларини кўриш лозимлиги, қурилиши ишлари давомида аҳамият қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда ҳудудий ишчи гуруҳ фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, 2020 йил 1 сентябргача Қорақалпоғистон Республикасида бепул Wi-Fi зоналари, савдо, маиший хизмат кўрсатиш, тез овқатланиш ва замонавий санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланган биттадан намунавий АГТКС, АГҚС ва АЁҚС ташкил этилишини таъминлаш чораларини кўришга доир кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси буюртмаси асосида “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бир неча турдаги намунавий типдаги санитария-гигиена шохобчалари лойиҳалари тақдимоти амалга оширилди ҳамда фойдаланиш учун беғараз асосда ёқилғи қуйиш шохобчалари эгаларига тақдим этилди. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top