20:35 / 31.01.2020
1
126353

«Кечаси билан ухлолмай чиқдим». «Лафарга» қабристони билан боғлиқ хабар жамоатчиликни оёққа турғизди

28–29 январь кунлари ижтимоий тармоқда Тошкентдаги Мирзо Улуғбек туманидаги қабристонлардан бири бузилгани, тупроқ сурилганида ичидан суяклар чиққани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалди. Аслида Тошкентдаги «Лафарга» қабристони атрофида нималар бўлмоқда?

Тошкент шаҳрида қабристон бузилиб, ўрнида қандайдир тадбиркорлар қурилиш бошлагани, қабрлар ўрни экскаваторлар ёрдамида суриб ташланаётганда одам суяги чиққани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар жамоатчиликни жунбишга келтирди. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, воқеа аслида қандай бўлганини ўрганди ҳамда шу ерда яшовчилар ва мутасаддилар билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, айни вақтда суяк парчаси экспертизага топширилган. Қабристондаги эски масжид ўрнига янгиси қурилмоқда, бу ишлар қабристонга таъсир қилмаслиги айтилди.

Бахтиёр Қосимов

«Қабристон бузилибди деган хабарни эшитиб, бу ерни ўз кўзим билан кўришга келдим. Оиламизга тегишли ҳилхона жойида турган экан. Худога шукр, тегишмабди.

Наҳотки қабрларни бузворишган бўлса деб роса хавотир билан келгандим. Бир пайтлар бу ерни Қуролли кучлар академияси олармиш деган гап-сўзлар ҳам тарқаганди. Кечаги видеолардан кейин мияга шу нарса уриб қолди. Шу гап рост бўлиб чиқибди-да деб югуриб келдим. Йўқ, эски масжид бузилиб, янгиси қурилаётган экан, хотиржам бўлиб қайтиб кетяпман», дейди Бахтиёр Қосимов.

Дилдора Шамсиева

«Кеча тарқалган видеоларни кўриб кечаси билан мазамиз бўлмади, ухлолмай чиқдик. Кечаси опамга, акамга телефон қилдим. Мана, эрталабдан қабристонга етиб келдик. Отамнинг қабрлари жойида турган экан. Экскаваторлар қабристон чегарасигача қазишибди, холос. Интернетда тарқалган видеоларда қабрлар бузиб ташланди дейилган эди.

Бу ерлар ташландиқмас, қаровли жой. Қабрлар ҳам эски қабрлармас. Биз тез-тез мозорбошига зиёратга келиб турамиз. Болаларимиз масжидга чиқишади. Ҳилхоналаримиз бус-бутун, келиб-кўриб хотиржам тортиб кетяпмиз», дейди Дилдора Шамсиева.

«Эски масжидда охирги жума уч ҳафта олдин ўқилганди. Охирги жумада масжид бузилиши, ўрнига кейинги ҳафтадан янгиси қурилиши бошланиши расман эълон қилинган эди. Унгача намозларни қўшни маҳаллалардаги масжидларда ўқиб туришимизга тўғри келиши ҳақида огоҳлантиришган. Шу гап бўлганига мен гувоҳман. Болалигимиз шу ерда ўтган. Бу ернинг ҳар бир қаричини биламан. Барча қабрлар ўз ўрнида турибди. Бунга яна бир марта ишонч ҳосил қилдик», дейди Бахтиёр Шамсиев.

Бахтиёр Шамсиев

«Бу қабристон анча вақт ёпиқ турганди. Ўтган йили очилганда бувим раҳматлини шу мозорга дафн қилдик. 20 йил олдин акам вафот этганида ёпиқ эди. Қабристонни қайта очганларга катта раҳмат. Ўртада бир очилганда отам омонатларини топширгандилар, у кишини шу ерга қўйдик. Отам ва бувимнинг қабрлари бузилмаган, жойида турибди», дейди Рихситилла Ҳамидуллаев.

Рихситилла Ҳамидуллаев

«Мулла Қосим» жоме масжиди имом-хатиби Азимжон Алимжонов қайта қуриш ишлари нима учун бошлангани ҳақида гапириб берди.

«Мулла Қосим» жоме масжиди XIX асрнинг 80-йилларида қурилган. Қадимий масжидлардан бири эди. Мустақиллик йилларида жоме масжид мақомини олган. Эски гувалаклардан қурилгани учун кейинги пайтда шундай ҳолатга келиб қолгандики, иморат ичига кириб намоз ўқиганимизда қўрқиб турардик. Қаттиқроқ ел силкиниши бўлса, чидамаслиги аниқ эди. Масжид қай аҳволда бўлганини тасдиқловчи суратлар ҳам бор қўлимизда. Деворлар дарз кетган, айримлари ёрилиб кетганди. Нураб қолгани учун ҳукумат томонидан масжидимизни қайтадан қуришга рухсат берилди.

Ҳукумат томонидан рухсат берилгандан кейин ва маҳаллий аҳоли, масжид қавми хабардор қилиниб, розилиги олинганидан сўнг эски масжид бузилиб, 0,55 гектар ерга икки ярим минг нафар намозхонга мўлжалланган, қурилиш нормалари ва қонунчилик талабларига жавоб берадиган муҳташам бир масжид бино қилиш ишлари бошлаб юборилди. Худо хоҳласа Рамазон ойигача масжидимизни ҳашар йўли билан ҳомийлик маблағлари эвазига қуриб битказиш режалаштирилган», дейди у.

Имом-хатибнинг айтишича, масжиднинг ёнида чойхона бўлган. Унинг эгаси қурилиш бошлангач, ўзига тегишли ерни масжидга ҳадя қилган. У ижтимоий тармоқларда тарқатилган, одамларни ташвишга қўйган хабарлар асоссиз экани, бу ердан топилган одам суяги масжидга ёндош чойхонада таом пишириш учун ишлатилган мол суяги ҳисобланади.

Маълум қилинишича, топилган суяк 30 январь куни экспертизага юборилган бўлиб, томонлар тортишувга экспертлар хулосаси нуқта қўйишини кутишмоқда.

«Ушбу масжид Мирзо Улуғбек тумани «Элобод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Лафарга» қабристони билан туташган. Бироқ масжиднинг эски биноси бузилиб, янгисини қуриш бошланганда қабрлар бузила бошлагани ҳақидаги гаплар бўҳтон. Эски масжид ўрни текислаш ишлари бошланганидан кейин масжид имом-хатиби, қурилиш ташкилоти мутасаддилари ҳар бир ишни Ўзбекистон мусулмонлар идораси, туман ҳокимлиги билан маслаҳатлашиб, бу ердаги масъулларнинг тавсияларига мувофиқ қилишмоқда. Қурилиш ишлари ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилмоқда, жараённи оқсоқоллар, жамоатчилик вакиллари назорат кузатиб туришибди.

Шу ўринда бир маълумотни айтиб ўтсам. «Лафарга» қабристони 1974 йили ёпиб қўйилган. 1991 йили қайта очилган бўлса-да, 2008 йили яна ёпиб қўйилганди. Қабристон 2019 йилнинг охирида қайта очилди, бу ерга майитлар қўйиш бошланди. Буни маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам тасдиқлайди. Аслида масжидга ёндош кўп қаватли уйлар, болалар шифохонаси, мактаб, то «Саёҳат» тўйхонасигача бўлган ҳудуд илгари қабристон бўлган. Бир вақтлар қабристон бузилиб ҳозирги бинолар қурилган. Шунга кўра бу ерлардан қандайдир суяк топилиши ажабланадиган ҳолат эмас. Бироқ ишонтириб айтаманки, масжидни қайта қуриш жараёнида бирорта қабр бузилгани йўқ», дейди Мирзо Улуғбек туман бош имом-хатиби Акбарали Маматов.

Акбарали Маматов

Туман бош имом-хатиби кўп йиллик қассоб экани, имомликдан келадиган моянага қараб қолмасдан шу ҳунарнинг ошини тутгани, шу сабабли одам ва ҳайвон суягининг фарқига бориши, топилган суяк инсонникидан кўра мол суяги эканини анча ҳақиқатга яқинлигини таъкидлади.

«Кеча эрталабдан бери шу ерда турибмиз. Тошкентнинг нариги чеккасидан ҳам одамлар келиб-кетишяпти. Кириб ҳамма ҳилхонасини кўриб, қабристонни кўздан кечириб, хотиржам бўлиб қайтмоқда. Асосан, мозорнинг энг четидаги қабрларнинг эгалари келиб кўришди. Ҳеч қайси қабр бузилмаган. Бузилмайди ҳам.

Қабристон ёпиқ эди. Икки ярим ой бўлди очилганига. Шаҳар ҳокимининг қарори билан очилди. Ҳали кўпчилик билмайди очилганини. Қабристонда уч гектар ер бор, энг камида 30 минг майитни дафн қилса бўлади бу ерга. Ўн йил бекор ётди қабристон. Шунча йил ҳеч ким бу масалани кўтариб чиққани йўқ. Маҳалланинг чоллари югуришиб, ёзмаган жойимиз қолмади. Охири рухсат олдик. Энди масжидимизни обод қиламиз десак бу гап-сўз чиқиб турибди. Кўчада ёмғирда-қорда, лой устида намоз ўқишарди намозхонлар. Шуларга шароит яратайлик деб иш бошланганди», дейди «Элобод» маҳалласида яшовчи Зокир ота.

Зокир отанинг айтишича, топилган суяк бирорта майитга тегишли бўлганда тананинг бошқа қисмларининг суяклари ҳам топилган бўларди, бу ҳолатда суяк топилган тупроқ уюми синчиклаб текширилгани, аммо бошқа суяклар топилмагани, шунга кўра бу одам суяги бўлиши эҳтимолдан узоқлигини айтиб ўтди.

«Мулла Қосим» жоме масжиди ҳозирги кунга келиб анча нураб қолганди. Уни таъмирлаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолгани учун бузиб қайтадан қурилмоқда. Бу ишга шу маҳаллада яшаб келган отахонлар, маҳалла аҳли бош-қош бўлишмоқда. Бу жараёнда қурилиш ишлари қабристон ҳудудига ўтиб кетгани, қабрларга тегилгани, кавлангани ҳақида янглиш маълумот чиқиб кетган. Аслида бундай иш қилинмаган. Ота-бобоси «Лафарга» қабристонига дафн қилинган фуқаролар хотиржам бўлсин, қабрларни бузишга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Бошқа гап-сўз, хавотирларга ўрин йўқ.

Шундай қабристонлар борки, майит кўмиш тўхтатилганига 50-100 йил ёки ундан ҳам кўп бўлган, фойдаланиш тугаган. Агар эҳтиёж туғилиб, қабристон ўрнидан йўл ёки катта иншоот тушиш керак бўлса — шундай ҳолатлар ҳам бўлган, китобларимизда ҳам кўрсатилган – қабрлар очилиб, суяклари эҳтиром билан бошқа қабрга кўмилади. Сўнг шу жойга қурилиш қилинаверади. Агар қабристондан фойдаланилмаётган бўлса, шариатда бунга ижозат берилган. Лекин фойдаланиб турилган, ҳозирги кунда майитлар дафн қилинаётган қабристон бўлса, унга тегилмайди», дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиснинг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz мухбири

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top