12:34 / 02.02.2020
4
11515

Андижон газ конлари икки йил орасида ҳудудни юз фоиз таъминлайди: «Ўзбекнефтгаз» АЖ пресс-туридан фоторепортаж

"Ўзбекнефтгаз"АЖ томонидан 29-31 январ кунлари Андижон вилоятидаги нефт-газ объектларига пресс-тур ташкиллаштирилди.

ОАВ вакиллари тадбирнинг биринчи куни Фарғона вилоят Чимён шаҳарчасида “Нефт-газ  музейи” билан танишдилар. Иккинчи кун эса журналистлар учун таассуротларга бой ўтди. Улар бевосита нефт ва газ қудуқларида бурғулаш ишлари қандай олиб борилишини кузатдилар.

 Булоқбоши тумани Учтепа нефт ва газ конларида бўлиб, газ қазиб олиниш жараёни билан танишишди. Андижон вилоятида газ қазиб олиш илк бор 2017-йилда Булоқбошидаги Учтепа кони 3-қудуқдан саноат аҳамиятига эга бўлган газ олинишидан бошланган. Шундан сўнг Учтепа конида қидирув ишлари давом эттирилди ва конни ўзлаштиришга киришилди. Бунинг натижасида яна олтита қудуқлар бурғуланди ва 3,4,5,7 ва 1 Юра қудуқларидан аҳоли истеъмоли учун газ қазиб олина бошланди.

  2019 йилнинг октябрь-декабрь ойларида яна учта 5, 12 ва 13 қудуқлар ишга туширилди. Жумладан, 2019 йилнинг 28 октябрь куни “Андижоннефт” АЖ томонидан Учтепа конидаги 12 қудуқни бурғилаш натижасида кунига 150-200 минг метр куб дастлабки дебит билан дастлабки газ оқими олинди. Олдин қазилган еттита қудуқдан кунига дастлабки дебит билан  385 минг метр куб саноат гази олинаётган эди.  

  “Бугунги кунда “Андижоннефт” АЖ томонидан юқорида санаб ўтилган қудуқлардан кунига 600 метр куб газ қазиб олинмоқда. Февраль ойининг охирига қадар Учтепа конида яна иккита қудуқ ишга туширилиб, газ қазиб олиш ҳажми 600 метр кубдан 1 млн метр кубга етказишга эришилади.  Андижон аҳолисининг бир кунда газга бўлган эҳтиёжи қиш мавсумида 5 миллион метр куб атрофида. Бугунги кунда «Андижоннефт» АЖ томонидан 600-650 минг метр куб газ қазиб чиқарилмоқда ва тўлиғича аҳолига етказиб бериляпти. Мавжуд ва кутилаётган газ қазиб олиш ҳажмини шу таҳлит ўсишда давом эттирсак, яқин икки йилда вилоят аҳолисининг газга бўлган эҳтиёжини ўзимиздаги газ конларида қазиб чиқариладиган газ эвазига тўлиқ қоплаш имкониятига эга бўламиз”, дейди “Андижоннефть” АЖ бошқарув раиси Жалолиддин Бекмуродов

Элмурод Эрматов, Андижон

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top