07:47 / 04.02.2020
6
9982

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тизимли муаммолар маълум қилинди

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тизимли муаммолар очиқланди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси лойиҳасида айтилган.

Қайд этилишича, мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасида амалдаги ҳолатни ўрганиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатмоқда.

Биринчидан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш бўйича давлат органлари ўртасида мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлик етарли эмас, давлат органлари фаолиятининг институциявий асослари ва принципларининг замонавий талабларга мос эмаслиги мазкур мажбуриятлар сифатли бажарилишини таъминлашга имкон бермаяпти.

Иккинчидан, парламент, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти тизимли ва ўзаро ҳамкорликда амалга оширилмаяпти. Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини лозим даражада бажариш устидан самарали парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш бўйича қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш зарур.

Учинчидан, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарур. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва олдини олиш бўйича идоралараро фаолият ва самарали ўзаро ҳамкорликни, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишни тубдан такомиллаштириш талаб этилади. Тизимда жамоат тартибини сақлаш, жиноятларга қарши курашиш ва давлат хизматларини кўрсатиш фаолиятига доир аниқ мезонлар белгиланмаган.

Тўртинчидан, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини қўллаш амалиёти йўлга қўйилмаган, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларнинг инсон ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилишнинг самарали тизими мавжуд эмас ҳамда шартномавий қўмиталарининг индивидуал хабарларни кўриб чиқиш юзасидан қарорларини бажаришнинг механизми ишлаб чиқилмаган.

Бешинчидан, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилувчи, инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида қатор муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Хусусан, мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган минглаб юртдошларимизнинг ана шу муаммосини қонуний ҳал этиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чоралар ҳалигача тўлиқ ҳал этилмаган. Прописка тизими туфайли фуқароларнинг эркин кўчиб юриши билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқлари тўлиқ таъминлаб берилмаяпти. Мулкдорларнинг конституциявий ҳуқуқлари, давлат муҳофазасида бўлган хусусий мулкнинг дахлсизлигининг кафолатларини кучайтириш, мансабдор шахсларнинг бундай ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлигини ошириш талаб этилади.

Олтинчидан, инсон ҳуқуқларига оид таълим ва тарбия, давлат хизматчиларини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлар бўйича тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида тизимли ва ўзаро боғлиқ иш фаолияти йўлга қўйилмаган. Бу эса, ўз навбатида, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан ҳурмат ҳиссини шаклланишига тўсқинлик қилмоқда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро ва минтақавий механизмлари тавсияларини бажарилишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Билдирилишича, кўрсатиб ўтилган камчиликлар, нафақат мамлакатни барқарор ривожланишига, балки инвестицияларни жалб қилинишига, иқтисодиётни ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини ўсишига ҳам тўсқинлик қилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top