12:09 / 04.02.2020
1
40599

ТММА Жанубий Кореяга ишга кетишнинг 6 та асосий босқичи ҳақида маълум қилди

Жанубий Кореяга қандай қилиб қонуний асосда ишга кетиш мумкин, унинг босқичлари нечта каби саволлар кўпчиликни қийнаб келади, бироқ бу саволга қисқа ва лўнда жавоб топиш қийин. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айни шу масалага ойдинлик киритди.

Фото: KUN.UZ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Жанубий Корея Республикасига меҳнат миграциясини амалга ошириш жараёнлари қаййўсинда амалга оширилишига ойдинлик киритди ва бу ҳақда Kun.uz’га маълум қилди. Унда қайд этилишича, Ж.Корея ҳудудида ишга жойлашишнинг асосий тартиби 6 босқичдан иборатдир:

👉 1-босқич. Билимни баҳолаш марказида корейс тилини билиш даражаси бўйича тестдан муваффақиятли ўтиш талаб этилади.

👉 2-босқич. Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRD) томонидан ўтказиладиган EPS-TOPIC тест имтиҳонидан муваффақиятли ўтиш.

👉 3-босқич. HRD вакиллари томонидан ўтказиладиган малака тестида (skill test) қуйидаги машқлар ва суҳбатдан ўтиш керак бўлади. Булар қуйидаги синовлардан иборат:

✅ – ранг ажратишни синаш (дальтонизм);

✅ – жисмоний машқ (қўл кучини синаш, бўй ва вазн ўлчаш, оғирлик кўтариш машқи);

✅ – малака тести (рангли халқачаларни ажратиш ва жой-жойига қўйиш, пўлат симларни белгиланган ҳажмда қирқиш, пробиркаларда белгиланган хажмни ўлчаш, темир халқаларни жой-жойига жойлаштириш);

✅ – корейс тилида мутахассис билан суҳбатлашиш.

👉 4-босқич. Малака тестидан муваффақиятли ўтган фуқаролар HRD томонидан белгиланган муддатларда Корея иш берувчиларининг махсус SPAS базасига киритилади.

👉 5-босқич. Корея томонидан шартнома лойиҳаси тақдим этилган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, ўқиш ва адаптация жараёнларидан ўтади.

👉 6-босқич. Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги консуллик хизмати томонидан фуқароларга виза расмийлаштирилади ва 4 йил 10 ой муддатга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун жўнаб кетади.

❗️ Эслатма! Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўзбекистонликларни Корея Республикасига ишга жўнатиш (E-9 ишчи виза) ҳуқуқига эга ягона ташкилот Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳисобланади, хусусий бандлик агентликларига бундай ваколат тақдим этилмаган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top