13:43 / 05.02.2020
0
9607

«Тил ўргатиш бўйича курсларга ҳам ҳокимликлар лицензия берган» – Вазир бюрократия муаммолари ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш учун ҳокимликларнинг 11та функцияси ҳудудий давлат бошқаруви органларига ўтказилгани, маҳаллалар томонидан бериб келинган 28 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш тўхтатилгани, давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ёки мантиқсиз фаолият турларига чек қўйилгани ҳақида гапирди.

3 февраль куни журналист ва блогерлар билан учрашган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов кўп йиллар давомида ҳокимликлар ўз функцияларига хос бўлмаган, ваколатидан ташқари фаолиятлар билан ҳам шуғулланиб келганини танқид қилди.

«Ҳокимликларнинг функциялари ҳақида кўп гапирганмиз. Мана, ерларни ажратиш ҳуқуқи ҳокимликлардан олиниб, юз фоиз аукционга ўтди. Президент қарори билан ҳокимликларнинг 11та функцияси бошқа ташкилотларга ўтказилди.

Ўйлаб кўринг, ҳокимликлар шу пайтгача тил ўргатиш бўйича курсларга лицензия бериб келган. Биз яқинда таҳлил қилдик. Ўзи қанча лицензия берилган десак, тагига етолмадик. Чунки ҳеч ким реестрини ҳам юритмаган.

14 вилоятда 14та амалиёт юзага келган. Худди шундай риэлторлик фаолияти тўғрисидаги лицензияни, тураржойни нотуруржойга ўтказиш, алкогол ичимликларни сотишга рухсатни ҳам ҳокимликлар бериб келган. Ваҳоланки, ҳокимликларда буларни бевосита бошқарадиган тузилманинг ўзи йўқ.

Бизнинг давлат бошқаруви нуқтаи назаридан ҳамма соҳада вертикал бошқарув бўлиши керак, чунки унитар давлатмиз. Шунинг учун бу функциялар ҳам ҳокимликлардан олиб қўйилди ҳамда ушбу ваколатлар вазирлик ва мутасадди ташкилотларнинг ҳудудий бўлимларига берилди», дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазир маҳаллалар ва бошқа турли идоралар томонидан бериб келинган маълумотномалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Маҳаллалар томонидан бериладиган маълумотнома бизнинг стихиямиз, бу масала жуда катта муаммо бўлиб келган. Бюрократия ҳозир ҳам давом этяпти. Маҳалладан 28та маълумотнома берилар экан. Бир йилда 40 миллионта маълумотнома берилган, ўйлаб кўринглар, бу нарса қанча одамнинг ҳаётига таъсир қилиб келган, энди ҳаммаси бекор бўлди. Маҳалладан маълумотнома олиб кел, деб талаб қилиш мумкинмас.

Битта нарсага эътибор беринглар, маҳалла ҳеч қачон ўзи берган маълумотномага жавоб ҳам бермаган. Шунинг учун умумий бир қандайдир тизим шаклланиб, бюрократияни ичига кириб кетган эдикки, секин-секин олиб чиқиш йўлларини ўйлаяпмиз.

Ёки тиббиёт соҳасида, руҳий касалликлар диспансери билан наркология диспансеридан бир йилда фуқароларимизга 500 мингта маълумотнома берилар экан. Сиз Мўйноқда яшасангиз, Тахиатошдаги диспансерга келиб маълумотномани олишингиз керак. Пул тўлашингиз керак, неча пул тўлайсиз, унинг миқдорини ҳеч ким ёзмаган, жавобини қанча вақт кутиш керак. Яъни бу ерда оворагарчиликлар бўлган.

Ҳукуматимиз қўллаб-қувватлади, 1 мартдан давлат хизматлари марказлари орқали бериладиган бўляпти. Олдин 4та жойдан берилган бўлса, энди 200та тумандан берилади. Ҳар ким ўз туманидан маълумотномасини олиши мумкин», дейди у.

Русланбек Давлетов ҳамма ташкилотлар борсангиз ўнта ҳужжат, расм сўрайди, маълумотнома сўраши, нега бу маълумотларни ички ишлар тизими, интеграция тизими орқали ўзи олмаслиги, бунинг оқибатида ҳамма суратга тушиб юриши кераклигини танқид қилди. У давлат органлари халқ учун жуда қулай бўлиши, қийинчиликлар яратмаслиги кераклигини таъкидлади.

Мулоқот давомида Давлетов адлия тизимидаги коррупция ҳолатларга ҳам тўхталди.

«Асосан кадрлар билан боғлиқ ишларда, яъни таниш-билишлар, маҳаллийчилик ёки давлат харидларида хавф-хатар бор эканини кўрсатди. Давлат харидлари қилганда қандайдир бир-бири билан келишиб олиш ҳолатларида бундай хавфлар мавжуд.

Кўз тегмасин, охирги 2,5 йилдан бери коррупция билан боғлиқ жиноятлар бўлмади. Одам буни айтишга ҳам қўрқади. Агар эртага бирортаси чиқиб қолса, бу бизнинг юзимизга доғ бўлади. Инсон омилида бундай ҳолатлар албатта, бўлади. Ҳеч бир тизим 100 фоиз инсоннинг ичига кириб, тўғрилаб қўя олмайди. Фақат нопок ходимни аниқлаш тизими, аниқлагандан кейин йўқотиш тизими яхши ишлаши керак. Биз буни амалга киритиш учун маҳкам бел боғлаганмиз. Бу йил биринчи босқичнинг охирига етишга қарор қилганмиз», дейди у.

Адлия вазири ўзи раҳбарлик қилаётган муассасада хизмат компьютерлари иш куни якунлангач, автоматик равишда ўчирилаётганини таъкидлаб, бу орқали ходимларнинг меҳнат соатидан ташқари ишхонада қолиб кетишига қарши курашилаётганини айтди.

«Адлия тизимида шуни тартибни йўлга қўйдик, назорат ҳам қиляпмиз. Бу унумдорликка ҳам таъсир қиляпти. Кейин кўп ишлашнинг икки юзли муаммоси бор: биринчиси, иш берувчи томонидан мажбур қилиб ўтириш бор, иккинчиси, ишчининг ўзининг ўтириши бор. Ўтир, демаса ҳам шунақа бир корпоратив маданият шаклланганки, Японияда бошлиқ кетмасдан ҳаммаси ўтираверади. Корея ҳам худди шундай: кўп ишлаш муаммоси бор. Лекин бизда, асосан, иш берувчининг мажбурлаши орқасидан ўтирадиган ҳолатлар кўпроқ. Ўзбекистонда шуни биз таҳлил қилиб, ўчиришга [компьютерларни] мажбур бўлдик.

Янгича иш услуби жорий қилингач, айрим ходимлар компьютерни ўчирмасликни илтимос қилишмоқда. Менда кечқурун илҳом келади, болаларимнинг олдига борсам ҳам ишлай олмайман, илтимос, ўчирманг, деяпти. Лекин ҳаммага бир хил бўлсин деб бу илтимосларни рад этяпмиз. Фақат бошқарма бошлиқларининг компьютерлари ўчмаяпти, жуда зарур бўлса шу ерда ишлашлари мумкин. 24 соат эмас, ақл билан ишлаш лозим. Шунда ишдан натижа ва самара бўлади», дея таъкидлади Русланбек Давлетов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top