21:20 / 06.02.2020
1
29579

Навоийда вазир иштирокидаги йиғилишда иккита туман ИИБ бошлиқлари ишдан олинди

Навоий вилоятида фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйган ички ишлар органларидаги қатор раҳбарлар, жумладан, Навбаҳор тумани ИИБ бошлиғи Ш.Исматов ва Томди тумани ИИБ бошлиғи Б.Бозоров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бугун, 6 февраль куни Навоий вилояти ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Қобил Турсунов, вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, жумладан, Ички ишлар, прокуратура, солиқ, шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси учун масъул бўлган барча давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Навоий  вилоятида ўтказилган ўрганишлар якуни муҳокама қилинди.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда асосий эътибор 2019 йил давомида ва жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигига қаратилиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва фуқароларнинг мол-мулкларини ишончли муҳофазалаш, ёшлар иштирокидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий таҳлил қилинган.

2019 йил якунига кўра вилоятда содир этилган жиноятлар сони 10,2 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 11,6 фоизга, шу жумладан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, ўғирлик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари камайганлиги қайд этилган. 

«Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов барча туман-шаҳарларда 4та сектор раҳбарлари иштирокида шахсий таркиб билан суҳбатлар ўтказиб, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳоли учун хавфсиз шароитларни яратиш борасида топшириқларни берди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида Навоий вилоятида жиноятчиликни жиловлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида масъул идораларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ишларида камчиликлар мавжудлиги, вилоятнинг 307та маҳаллаларида содир этилган ҳар еттинчи жиноят «Мемор», «Кимёгар», «Хончарбоғ», «М.Бахром», «Шибзон», «Навбаҳор», «Дамариқ» ва «Бешработ» маҳаллалари ҳиссасига тўғри келаётгани таъкидланиб маҳалла ҳудудида жиноятлар содир этилишининг барвақт олдини олиш мақсадида ташкил этилган «Жамоатчилик назорати масканлари» фаолиятини йўлга қўйиш, сектор раҳбарлари иштирокида жиноятлар муҳокамасини ўтказиш борасида ҳокимлик, прокуратура, солиқ ва Ички ишлар органлари ҳамда жамоатчилик етарли даражада эътибор қаратиши лозимлиги ва бу борада аниқ режага асосланган «Йўл харита»сини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, вилоятда криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган:

  • ҳар ойда туман-шаҳар сектор раҳбарлари томонидан ўзининг ҳудудида криминоген вазияти оғир, энг кўп жиноят содир этилаётган маҳаллалар аниқланиб, келгусида уларнинг жиноятчиликни жиловлаш борасидаги режалари бўйича ҳисоботи вилоят сектор раҳбарлари ҳузурида муҳокама қилиш тартибини жорий этиш;
  • жиноятчилик таҳлили 2019 йил мобайнида ва 2020 йилнинг январида жиноятлар сони ошиб кетаётган Навбаҳор туманига вилоят ИИБ бошлиғи Р. Турсунов ва салмоғи юқорилигича сақланаётган Кармана туманига унинг биринчи ўринбосари И. Тиллаевни бириктириб, уларнинг раҳбарлигида вилоят даражасидаги тегишли идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, вазиятни ижобий томонга ўзгартириш бўйича чораларни кўриш;
  • ҳар ойда вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уюшмаган ёшларни бандлигини таъминлаш, уларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш борасида ишларни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Қолаверса, хотин-қизлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар, ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар, ажримлар, ўз жонига қасд қилиш каби салбий иллатнинг олдини олиш борасидаги ишларни танқидий ўрганиб, вилоят Хотин-қизлар кенгаши раиси бошчилигида ишчи гуруҳ тузиб, 2020 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш бўйича манзилли топшириқлар берилди.

Йиғилиш давомида ўз хизмат вазифаларни бажаришда масъулиятсизлик ва бепарволик билан ёндашиб, хизмат вазифасини лозим даражада бажармагани учун Навбаҳор тумани ИИБ бошлиғи Ш.Исматов, Томди тумани ИИБ бошлиғи Б.Бозоров, Қизилтепа тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Адизов, Хатирчи тумани ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ш.Исматов, Хатирчи тумани профилактика инспекторлари А.Амонтошев ва Ш.Облаев, 11-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Сувонов, 5-сонли жазони ижро этиш колонияси бошлиғи ўринбосари З.Латипов эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинган. Шунингдек, бир қатор ходимларга интизомий жазо чоралари қўлланган.

Учрашув якунида сўз олган вилоят ҳокими йиғилишда таъкидланган камчиликлар юзасидан фикр билдириб, келгусида ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш бўйича йўл хариталарни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top