11:12 / 08.02.2020
6
20543

Иситиш зўр, термометр бузуқ, мурожаатчи «туҳматчи» — Ургутдаги мактаб қишни қандай ўтказмоқда?

Бу мақолани «ҳангома» ёки «латифа» деб атаса ҳам бўлар эди. Фақат бир нарса латифа дейишдан тийиб турибди — гап болаларга яратилган шароит, уларнинг саломатлиги ҳақида...

Гап шундаки, Ургутнинг «Терсак» маҳалласида жойлашган 45-умумтаълим мактабида синфхоналар яхши иситилмайди. Бунга ота-оналардан бирининг мурожаатидан сўнг ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Мактаб раҳбариятидан изоҳ сўрасак, «ундай эмас, мана қозонхона гуриллаб ёняпти-ку», дея қозонхонани кўрсатишди. Ҳақиқатан ҳам қозонхона ўчоғида кўмир ёняпти, электр бўлмагани учун қозонхонага бензинда ишловчи генератор уланган.

Муаммо шундаки, қозонхона ишлаб турса ҳам синфхоналар совуқ, қозонхонанинг ҳам биттаси ишламагани сабабли спорт залига умуман иссиқлик етиб бормайди.

Директор эса синфхоналар совуқлигини рад этди. Термометр келтириб ўлчаб кўрганимизда ҳам ўз сўзида турди: «Термометр бузуқ».

Қизиғи, айрим синфхоналарда иситиш батареяларининг ўзи йўқ. Аммо барибир иссиқ эмиш! Ҳатто иситиш батареяларининг ўзи бўлмаса ниманинг ҳисобига иссиқ деган саволга эса жавоб йўқ. Шунчаки, «иссиқ».  

Жудаям ғалати ва кулгили ҳолат. Иссиқлик айланиши яхши бўлмагани ҳисобига айрим хоналарда иссиқлик батареялари бирозгина қизиб турибди. Айрим хоналарда иситадиган ўша матоҳнинг ўзи йўқ. Яна бир қозонхонанинг ўзи ишламайди. Ва энг асосийси — ўқитувчилар қалин пўстин ва шарфга ўранган, телпакни бостириб олган. Ўқувчилар ҳам қалин кийимда — аммо мактаб раҳбарияти кўриниб турган муаммони беркитиш ҳаракатида. Аслида иситиш тизими кимга керак ўзи?

Хўп, ўқитувчилар ёши катта одам, амаллаб кунни ўтказар, аммо ёш болаларда нима айб? (Руҳиятига салбий таъсир қилмаслиги учун қалин кийимларда дарс қилаётган ўқувчилар расмини эълон қилмадик. Қолаверса, синфхоналарга кириб дарс жараёнини суратга туширишга директор монелик қилди).

Биз дарсдан ташқаридаги ўқувчиларни суратга олишга муваффақ бўлдик.

Ниҳоят, мактаб директори ҳам озроқ ёрилди. «Кўпинча бир неча соатлаб электр энергияси бўлмайди. Иситиш узилмаслиги учун уйимдан генератор олиб келиб қўйибман. Генератор бензинда ишлайди, унинг ҳам пулини ўзимиз топишимиз керак. Қўлимдан келганча қиляпман...».

Ўтган йил ноябрь ойида худди шу муаммо юзасидан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов куюниб сўзлаган эди.

«Мактаб директорлари муассаса қишга тайёр қабилида маълумот топширмоқда. Аммо худди шу масалани ўрганиш учун ўзимиз комиссия тузиб ўрганиб чиққанимизда, вилоят бўйича 80та мактаб қишга тайёр эмаслигига гувоҳ бўлдик.

Билишимиз керак – мактаб директори иситишга жавобгар эмас, таълимга жавобгар. Нима учун ижро ҳокимияти бор? Шу масалаларни айтиш керак. Туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари бор, вилоят ҳокими ўринбосари бор. Қолаверса, менинг шахсий телеграм мессенжеримга ҳам мурожаат йўллашлари мумкин-ку», — деган эди вилоят ҳокими.

Жумладан, вилоят раҳбари энг оғир муаммолар бўйича қатор мактабларда иситиш тизими йўқлиги ёки носозлиги, ўтган асрда қурилган ҳожатхоналар кабиларни санаб ўтаркан, бу борадаги энг кўп ҳолат Ургут, Нуробод, Қўшработ туманларида учраётганини маълум қилганди.

Қарангки, бугунги муаммо ҳам айнан Ургут туманидан. Мурожаат эгаси нега бу муаммони олдинроқ эмас, қишнинг сўнгги ойида ёзмоқда?

«Шу вақтгача тумандаги масъул идораларга ёзиб, қишни ҳам ўтказиб юбордим. Айрим ҳолатларда «муаммо бартараф этилгани» ҳақда ҳам маълум қилишди. Тўғри, қозонхона таъмирланди. Лекин иситиш яхшиланмади-да. Хуллас, қишнинг бир куни ҳам — қиш. Ҳали ҳам эътибор қаратилишидан умидворман», дейди мурожаат эгаси.

Бизнинг туман мутасаддиларига айтар гапимиз шу: Ишонинг, туманингиздаги бу мактабда ўқитувчи ва ўқувчилар совқотяпти. Фақат, афтидан, улар буни айтолмайди.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top