19:29 / 09.02.2020
0
9797

Мактабда «Қирол шер» фильми намойиш этилгани учун Disney юристлари пул талаб қилди. Компания раҳбари узр сўраб чиқди

Movie Licensing USA фирмаси юристлари 2019 йил ноябрда мактабдаги хайрия тадбирида «Қирол шер» мультфильмининг киноталқини намойиш этилгани учун 250 доллар жарима тўланишини талаб қилган.

Disney раҳбари Боб Айгер / Фото: Getty Images

Disney компанияси раҳбари Боб Айгер 7 февраль куни компания юристлари «Қирол шер» фильми намойиш этилгани учун 250 доллар тўланишини талаб қилган Беркли шаҳридаги Эмерсон мактабидан узр сўради.

«Компаниямиз Эмерсон бошланғич мактабидан узр сўрайди, уларнинг маблағ йиғиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун шахсан ўзим хайрия пули ажратаман», — деди Айгер.

Маълум бўлишича, Movie Licensing USA фирмаси юристлари 2019 йил ноябрда мактабдаги хайрия тадбирида «Қирол шер» мультфильмининг киноталқини намойиш этилгани учун 250 доллар жарима тўланишини талаб қилган. Фильм ёзилган дискни ўқувчилардан бири уйидан олиб келган. Хайрия тадбирига чипта нархи 15 доллар бўлиб, жами 800 доллар маблағ йиғилган, деб хабар бермоқда CNN. Ушбу тадбир Калифорнияда мулк солиғи ставкалари ўзгарганидан кейин мактабларни молиялаштириш қисқаргани сабабли мактабга пул тўплаш мақсадида ўтказилган.

Январь охирида мактаб Movie Licensing USA юристларидан «Қирол шер» фильми кўнгилочар мақсадда намойиш этилгани, бунинг учун нархи 250 доллар турадиган махсус лицензия талаб қилиниши тўғрисида мактуб олди.

«Фильм хусусий уйдан ташқарида намойиш этилганида юридик рухсатнома керак бўлади, чунки бу оммавий намойиш ҳисобланади», — дейилганди мактубда.

Юристлар мактабда ўтказилган тадбир ҳақида қандай қилиб хабардор бўлишгани номаълумлигича қолмоқда.

Тадбир ташкилотчилари жарима тўлашга тайёрлигини билдирди, аммо ўқувчилардан бирининг онаси ва шаҳар кенгаши аъзоси бўлган Беркли Лори Дорст вазият тўғрисида Twitter орқали маълум қилди. 

«Уларнинг юристи бу мактубни ёзиш учун 250 доллардан кўпроқ пул олса керак», — деб ёзди у.

Натижада Disney раҳбари Роберт Айгер Twitter орқали жамоатчиликдан узр сўради. У юридик фирма фильм намойиши ҳақида кимдан билгани ва раҳбариятнинг жарима тўғрисидаги мактубга алоқадорми-йўқлигига аниқлик киритмади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top