14:16 / 09.02.2020
0
10684

Япония Хитой ортидан кузатиш учун орбитага разведкачи сунъий йўлдош учирди 

Япония 9 февралда юқори сифатли камерага эга Optical 7 сунъий йўлдошини орбитага учирди. Таъкидланишича, қурилма Хитой ортидан кузатиш учун мўлжалланган. 

Фото: Motoki Nagasawa

Сунъий йўлдош Кагосима префектурасидаги Танэгасима космодромидан H-2A ракета-ташувчиси ёрдамида орбитага учирилган. Бу ҳақда қурилмани ишлаб чиққан Mitsubishi Heavy Industries компанияси маълум қилди.    

Сунъий йўлдош дастлаб 27 январда учирилиши керак бўлган, аммо ёмон об-ҳаво шароити ва ракета-ташувчининг азот билан таъминловчи тизимидаги муаммо сабабли 2 марта қолдирилган.  

Сунъий йўлдош юқори сифатли камера билан жиҳозланган ҳамда ёмон об-ҳаво шароити ва тунда ҳам Ер сиртини суратга олади. Қурилмани ишлаб чиқиш 30 млрд иенга (274 млн доллар) айланган. Сунъий йўлдош ҳақида бошқа маълумот йўқ, чунки унинг иши миллий хавфсизлик билан боғланган. 

Хусусан, қурилма Хитой билан боғлиқ разведка маълумотларини тўплаш учун мўлжалланган. Шу билан бирга, уни табиий офатлар оқибатларини бартараф этишда қўллаш ҳам мўлжалланган.

Сунъий йўлдош Япония мудофаа вазирлиги томонидан бошқарилади. Японияда бундай турдаги қурилма охирги марта 2018 йил ёзида учирилган. 

Айни вақтда орбитада Япониянинг турли имкониятларга эга 7 та разведка сунъий йўлдоши ҳаракатланади. Улардан бир қисмигина ёмон об-ҳавода маълумотлар узата олади. 

Япония яқин йилларда разведкачи сунъий йўлдошлари сонини 10 тага етказишни мўлжалламоқда. Бу Ер сиртини кўпроқ суратга олиш имконини беради. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top