16:37 / 12.02.2020
1
12764

Фермер хўжаликларига ерни қонуний равишда иккиламчи ижарага бериш жорий этилиши кутилмоқда

Бугунги кунда такрорий экиндан сўнг фермерлар томонидан ер иккиламчи ижарага ноқонуний берилмоқда. Лекин энди уларга бунинг учун қонуний рухсат берилади.

Бугун, 12 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси палатанинг Аграр ва сув хўжалаги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов томонидан ўқиб эшиттирилди.

«Давлат раҳбари фармони билан «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага беришда қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши кераклиги» тўғрисида топшириқ берилган эди. Бу бўйича ҳаракатлар олиб борилди.

Агар ҳозир «Ижара тўғрисида»ги қонунга кўра, деҳқонга ерни иккиламчи ижарага бериш тақиқланган бўлса, янги таҳрирнинг 8-моддасига кўра, шундай норма киритиляптики, энди деҳқонларга ерни иккиламчи ижарага бериш мумкин бўлади» - дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг маълумот беришича, бугунги кунда ҳам такрорий экиндан сўнг фермерлар томонидан ер иккиламчи ижарага берилмоқда ва бу ноқонуний. Мазкур ўзгариш қабул қилиниши билан уларга қонуний ижарага беришга рухсат берилади.

«Бу билан яширин иқтисодиётга барҳам берилади. Ижарага берилган ердан олинган даромад ҳисобидан бюджетга тўловни амалга ошириш тизими яратилади», дея маълумот берди Равшан Мамутов.

Бундан ташқари, иккиламчи ижарага бериш тартиби орқали қишлоқ аҳолисини шартнома асосида иш билан таъминлаш  мумкин бўлиши, бу билан уларнинг даромад олиш имкони ошиши ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши қайд этиб ўтилди.

Фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларида эркин пул маблағлари шаклланади ва улар маҳсулот етиштириш учун айланма маблағга эга бўлади.

«Иккиламчи ерни ижарага беришда қонуний шартнома тузилади. Шартнома эса юридик ҳужжат ҳисобланади. Унда икки тараф ҳам ўз шартларини ёзади. Ернинг аҳволи, сув таъминоти ва қанақа маҳсулот етиштирилиши шартномада кўрсатилади. Бу билан ҳар икки тараф ўзининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда шартнома имзолайди», - дея депупатларнинг саволларига ҳам жавоб қайтарди Равшан Мамутов.

Депутатлар томонидан берилган қатор музокаралар ва таклифлардан сўнг, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшималар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда маъқулланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top