18:33 / 15.02.2020
0
16553

Мактаб ўқувчилари ХТВ томонидан ишлаб чиқилган Edu Market платформаси орқали пул ишлаб топиши мумкин

Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчиларига интернет орқали қонуний пул ишлаш имкониятларини ўргатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда вазир Шерзод Шерматов 15 февраль куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган Edu Market интерфаол-виртуал таълим дастурининг тақдимотида маълум қилди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

“Ҳозирги кунда ўқувчилар кўп вақтини смартфон ёки планшетлардан фойдаланиб ўтказади. Шуни инобатга олиб, болаларга вақтдан самарали фойдаланишлари учун янги платформа яратдик. Ушбу платформа Edu Market деб номланади. Edu Market лойиҳаси орқали ўқувчиларга билим олиш учун янги имконият бериш билан бирга, билим олиш қизиқ эканини кўрсатмоқчимиз. Келажакда мазкур платформа ёрдамида ёшлар учун фойдали, касб эгаллаш имкониятини берувчи маълумотлар бериб бориш режалаштирилган. Жумладан, юқори синф ўқувчиларига интернет орқали қонуний пул ишлаш имкониятларини ўргатиш ҳам режалаштирилган. Бу эса уларнинг келажакда қўшимча даромад топишига имконият яратади”, - деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Тақдимотда айтилишича, Edu Market платформаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Инновация, технология ва стратегия маркази ташаббуси асосида Game Zale компанияси томонидан яратилган. Платформа замонавий технологиялар дунёсида болаларнинг ривожланиш машқлари шаклида, яъни ёшга қараб синфларни танлаш орқали тенг имкониятларни таъминлаш, IT кўникмалар ҳамда диққат, хотира ва мантиқий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган.

“Edu Market платформаси таълим фаолиятида янги усул ва услубларни яратиб, унинг сифатини ошириш учун катта имкониятларни тақдим этади. Шубҳасиз, бу ўқитувчининг ўқув ва илмий-тадқиқот фаолиятида ўз устида ишлаш лозимлигини талаб қилиб, ўқувчиларнинг билим фаоллигини оширади. Ўқув жараёнини янада ёрқинроқ ва қизиқарли қилади. Ҳозирги кунга келиб, платформанинг демо-версияси Тошкент шаҳридаги 94-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчилари орасида синовдан ўтказилди. Edu Market болаларнинг таълимга қизиқишини оширишда самарали ўқитиш воситаси бўлиб хизмат қилади”, - дейди Инновация, технология ва стратегия маркази директори Рустам Каримжонов.

Лойиҳа муаллифлари маълум қилишича, платформанинг таркибий қисмларига виртуал мактаб, виртуал кутубхона, онлайн ўқитиш тизими, ўқувчиларнинг онлайн ўзлаштириш статистикаси, ўқув машғулотларини муваффақиятли якунлаш учун ўқувчиларни рағбатлантириш тизими ва бошқалар киради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top