16:51 / 15.02.2020
8
58171

Мўъжизавий палов ва қазиб ташланган кўчалар — россиялик блогер Илья Варламов Самарқандга саёҳат қилди

Фото: Илья Варламов

Россиялик машҳур блогер Илья Варламов 9 февраль куни Самарқандда бўлиб шаҳар таассуротлари ҳақида ўз сайтида ёзди. Қуйида Варламовнинг Самарқанд ҳақидаги постини айнан келтирамиз.

«Бирдан Самарқанд эсимга тушди»

«Самарқандга бориш фикри кутилмаганда пайдо бўлди. Менда бир неча кун бўш вақтим бор эди, шу сабаб харитани узоқ варақлаб қаерга бориш ҳақида ўйладим. Шунда бирдан Самарқанд эсимга тушди. Самолётга чипта 9 минг рубль экан. Парвоздан 5 соат олдин бу жуда яхши нарх. Шу тариқа тезда кийимларимни йиғиштириб Шереметьевога йўл олдим.

Самарқанд — номи жуда чиройли шаҳар! У ерда 10 йил аввал бўлганман, ўшанда Орол денгизи атрофини машинада айланиб чиққандим. Лекин илк ташрифимда Самарқандда кўп ушланиб қолмаганман, чунки танишим «Бу ерда қиладиган иш йўқ! Ҳамма нарсани бузиб ташлашган, ҳеч қандай гўзаллик қолмаган. Гўзаллик учун Бухоро ёки Хивага бориш керак», деганди. Шу боис кўп ушланиб қолмаганмиз ва шаҳар қандайлиги эсимда қолмаган. Самарқанд номининг ўзи менга 4 соат парвоздан сўнг камида шарқ эртагига тушиб қолиш умидини бағишларди.

Самарқанд ҳақидаги илк ғалати таассурот менда аэропортда пайдо бўлди. У ерда бирорта ҳам меҳмонхоналар тармоғи йўқ эди! Бориш мумкин бўлган меҳмонхоналарнинг номи ҳам қизиқ, ҳаммаси одам номига қўйилган: «Константин», «Амир», лекин «Илья» деган меҳмонхона йўқ экан. Хитойнинг арзон плиткалари терилган бу саройларнинг дизайни ҳам менга ғалати кўринди.

Шаҳар марказига яқин бир меҳмонхонани ҳали банд қилишга улгурмасимдан менга WhatsApp`дан телефон қилишди: «Салом, Илья! Сизни меҳмонхонадан безовта қиляпмиз, қачон келишингизни аниқлаштирмоқчи эдик. Кўп йиллардан буён шаҳарларни кезаман ва менга биринчи марта меҳмонхона банд қилганимдан бир дақиқа ўтиб мессенжердан қўнғироқ қилишяпти! Бу жуда ёқимли эди. Меҳмонхона раҳбари билан келишдик, унинг шахсан ўзи аэропортда кутиб оладиган бўлди».

«Самолёт 30 фоизга тўлганди, бемалол ётиб келдим»

«Самолёт тахминан 30 фоизга тўлганди, шу боис бир қаторни ўзим банд қилиб ажойиб кроват тайёрладим ва ётдим. Аэропорт биносига киришда тиббиёт ходимлари туриб ҳамма йўловчиларнинг иссиғини ўлчаётганди. Паспорт назорати тез ўтди, кейин божхона ходими билан бироз гаплашиб қолдик, у фавқулодда гапдон бўлиб чиқди.

Аэропортдан чиқишим билан меҳмонхона эгаси кутиб олди. Мен дарров энг муҳим савол билан суҳбатни бошладим. Ахир Ўзбекистонга бориб палов емасликнинг иложи йўқ:

— Айтинг-чи, сизда энг яхши палов қаерда тайёрланади?
— Аэропортдан узоқ бўлмаган ерда, «Жони» ресторанида. Бу Гранд Султон тўйхонаси олдида. Шаҳардаги энг зўр палов ўша ерда. Фақат соат 12 гача бориш керак.
— Нега 12 гача?
— Чунки бизда палов ейиш вақти 12. Бир соат ўтгач палов тугайди.

Самарқандда чиндан паловни эрталабдан тайёрлашади, яхши жойларда у тез тугаб қолади. Сайёҳлар борадиган меҳмонхоналарда сизга паловни кечки овқатга ҳам иситиб беришлари мумкин, лекин бу жуда ёқимсиз. Яхши кафеларга қўнғироқ қилиб палов қачон тайёр бўлишини сўраб кейин боришади.

Шундай қилиб паловни нонушта ўрнига ейдиган бўлдим. «Жони» ошхонасига (ошпазнинг исми Жони, шу боис бу кафе шаҳарда «Жони ош» номи билан танилган. Умуман, Самарқандда палов тайёрланадиган жойлар ошпаз номи билан аталади: Теҳрон ош, Ўктам ош, Рустам ош, Абдуманнон ош — таҳр.). Борганимда эски «Жигули»да ёш йигитчалар нон олиб келишаётганди. Нонлар ҳам катта-катта. Ичкарида эса катта қозонда ош тайёрланаётганди! Унинг усти мато билан ёпиб қўйилган:

— Салом, марҳамат! Хоҳлаган столингизга ўтиринг,— деб кутиб олди официант. Залда 10 тача стол бор ва ҳаммаси бўш эди. Фақат биттасида эркак киши ўтириб чой ичарди. 

— Бизда фақат палов қилинади, ҳозир сизга нон, қаймоқ ва чой олиб келаман. Кейин салат. 30 дақиқаларда палов тайёр бўлади,— деди официант мен меню сўраб қолишимнинг олдини олгандек. Чиндан у ерда фақат бир хил овқат қилинар ва танлов имконияти йўқ эди.

Ўзбеклар жуда хушчақчақ халқ, у ерда сизни яхши дўстлари ва муҳим меҳмондек кутиб олишади. Масалан, Россияда диққат марказидаги одам бўлсангизгина шундай муомалага умид қилишингиз мумкин. Ўзбекистонда эса ҳаммани шундай кутиб олишади. Бу жуда-жуда ёқимли.

Ошпаз мени палов қандай тайёрланишини кўришга таклиф қилди. Унинг айтишича, ҳар куни 300 порция палов тайёрларкан. Бу жуда кўп, лекин тезда сотилиб кетади. Одамлар асосан ошни олиб кетишади. Бу гапларни ёзаётган вақтда ошни суратга олиш эсимдан чиққани хаёлимга келди! Ишонинг, бу мен татиб кўрган энг зўр паловлардан бири эди. Ҳозир ҳам Самарқандга чипта олиб аэропортдан тезда «Жони» ресторанига боришга, қарсилдоқ нон билан қаймоқ еб, чой ичишга ва катта товоқдаги мўъжизавий паловни ейишга тайёрман! Оҳ, бунинг қандай мазза эканини тасаввур қила олмайсиз, уни татиб кўришингиз керак!

Лекин Ўзбекистоннинг асосий овқати палов эмас, нон! У ерда ҳар қадамда нон сотишади, худди Истанбулда бублик сотишгани каби. Самарқандда нонуштага ҳам, тушликка ҳам, кечки овқатга ҳам нон ейишади! Шу сабаб семириб кетмаган ўзбекларни кўриб улар куни билан нон еб қандай қоматини ушлаб қолганига ҳайрон қоламан!

«Самарқандда тарихни эслатадиган айтарли ҳеч нарса йўқ»

«Йўлларда бир метрдан каттароқ фигурка «Тўхта!» ишорасини қилиб турарди. У светофор олдида қўйилгани янада тушунарсиз». 

«Мана бу дарвозанинг расмида эса одам қанчалик кичрайиб кетгани кўринади!». 

«Самарқандда тарихни эслатадиган айтарли ҳеч нарса йўқ. Регистон, бир-иккита қабр ва мачитлар. Буларни айланишга максимум ярим кун кетади». 

«Самарқанддаги замонавий архитектура кайфиятни туширади». 

«Регистоннинг орқасида гўзаллик тугайди». 

«Шаҳарсозлик ҳам хурсанд қиладиган эмас». 

«Архитектура борасида ёки ўрта аср ёдгорликлари, ёки Сталин давридан қолган эски бинолар эътиборни тортади». 

«Шрифтнинг ажойиблигини кўринг!». 

«Совет давридаги болалар боғчалари ҳам сақланиб қолган». 

«Тахтадан ясалган дарвозага қаранг! Ҳозир бунақасини кўп ҳам учратавермайсиз». 

«Самарқанднинг энг катта муаммоси шундаки, шаҳар жуда хавфли! Бир дақиқа бўшашсангиз, оёғингиз синиши, ҳатто ўлишингиз мумкин! Масалан, у ерда пиёдалар йўлакчаси бошида 40 смли тўсиқ туриши нормал ҳолат». 

«Асфальтнинг ўпирилиши? Марҳамат!». 

«Эътиборингизни ариқларга қаратмоқчиман. Самарқандда сув кетадиган канализация йўқ, сув ариқда оқади. Ариқ шунчаки сув учун эмас, қишлоқларда болалар ариқда чўмилиши, аёллар идиш ювиши мумкин. Бу маданиятнинг бир қисмига айланиб улгурган. Дарвоқе, яна такрорлайман, ариққа қоқилиб тушиб йиқилиш ва ўлиш мумкин!». Суратда кўринган жой Самарқанд вилоят ИИБ биноси олди. Яхши ҳам муаллиф бу ҳақда билмаган, акс ҳолда муносабат янада кескинроқ бўларди — таҳр. 

«Маҳаллий одамлар ўрганган бўлиши мумкин, лекин сайёҳлар пиёдалар йўлкасида оёғи остига қараб юриш керак. Ҳайронман, нега улар тўсиқ билан тўсилмаган». 

«Шаҳар марказидаги кўча. Тўсиқсиз марказ!». 

«Айтганча, ариқ кўча ўртасида бўлиши ҳам мумкин! Айтишларича, мана шу ариққа ҳайдовчилар тез-тез тушиб кетади». 

«Кўча ўртасида қазилган чуқурми? Марҳамат!». 

«Чиқинди саралаш». 

«Уруш ҳолатида танкларга қарши тўсиқлар ҳам бор». 

«Автотураргоҳ ўртасида бир парча темир чиқиб туриши нормал ҳолат». 

«Самарқандга борсангиз, жуда эҳтиёт бўлиб юринг». 

«Парковка». 

«Самарқандда рекламалар шунчалик кўпки». 

«Самарқанд бозори. У ер шунчаки ажойиб». 

«Афсуски, қишда маҳаллий мевалар йўқ, ҳаммаси Туркиядан олиб келинган. Ёзда эса...». 

«Халқ сканвордни яхши кўради». 

«Нон ташиш». 

«Ўзбеклар учун телефон рақамининг чиройли бўлиши жуда муҳим. Шу боис улар катта қилиб ёзиб қўйилган». 

«Самарқанд вокзали советча кўринишини сақлаб қолган».

«Вокзалга кириш учун чиптанинг ўзи етарли, лекин жуда сўраб қолишса, паспорт етарли». 

 

 «Совет вақтида Самарқандни Ўзбекистон ССРнинг пойтахти қилмоқчи бўлишади. Бу учун эса шаҳарда трамвай бўлиши керак эди. Шу боис 1924 йилда трамвай линияси қуриш бошланади, аммо пойтахт Тошкентга кўчирилгач, трамвай қурилиши ҳам қолиб кетиб 1947 йилда қайта тикланади.

1973 йил трамвай Самарқандда 26 йил ҳаракатлангач худди бутун совет иттифоқида бўлгани каби автомобиль транспортини ривожлантириш важи билан тўхтатилади. 2016 йилда эса Тошкентда трамвай йўналиши тўхтатилиб, Самарқандда тикланди. Ҳозир линия шаҳарнинг асосий бозори ва Саттепо мавзесини боғлайди. Трамвай эрталаб 6 дан 23:00 гача ҳаракатланади. Йўлкира нархи 1 400 сўм (9,3 рубль)». 

«Трамвайга чиқиш учун одамлар таваккал қилиб кўчага чиқиши керак. Алоҳида чиқиш жойи қилиш мумкин эди, аммо Самарқандда буни шунчаки асфальтда пиёдалар йўлкаси белгисини чизиш билан ҳал қилишган». 

«Яна бир муаммо: Самарқандда трамвай йўли автомобил йўлидан ажратилмаган. Бу катта хато, трамвай автомобил билан тирбандликда туриши керак эмас, акс ҳолда мантиқ йўқолади». 

«Самарқанддаги уйлар совет даврини эслатиб туради. У ерларда ҳам биз каби машина қўйишади. Ана у узоқ кадрдаги Мерседесни кўряпсизми? Мен аввалига у нотўғри жойга қўйилган деб ўйладим, кейинроқ маълум бўлдики, унинг эгаси ўзига усти ёпиқ жой қилиб олган экан. Яшавор!». 

«Совет вақтида қурилган уйлар миллий нақшлар билан безалган». 

«Шаҳарнинг асосий майдони Регистон. Бу ўз маъноси билан аталган жой, яъни рекли ер». 

«Регистон кечаси жуда чиройли бўлади, чунки чироқлар ёқилади. Регистон сайёрадаги энг ажойиб архитектура намуналаридан бири. У Улуғбек, Тиллакори ва Шердор мадрасаларидан таркиб топган». 

«Регистонда сайёҳлар томоша қилиши учун махсус майдон қилиб қўйилган. Кириш чиптаси 200 рубль».

«Айтишни унутибман, Самарқандга қайтиш чиптаси олмай бордим, чунки кейин нима қилиш ҳақида ўйлаб кўрмагандим. Биринчи кун тушга яқин бу шаҳарда қиладиган ишим қолмаганини билдим. Лекин қаерга бораман?

Вариантлар кўп эмасди:

1. Ўзбекистонда бир неча йил олдин тезюрар поезд қўйишган, лекин унда фақат Бухоро ва Тошкентга бориш мумкин.
2. Самарқанддан қаергадир учиб кетиш.
3. Агар 4 соатни аямаса, машинада Тошкентга бориш ва у ердан Москвага учиб кетиш.
4. Машинада Тожикистон пойтахти Душанбега бориш.

Биринчи вариант йўққа чиқди, чунки чипталар сотувда йўқ эди. Билмадим нега, балки Ўзбекистонга минг кишилик хитойлик сайёҳлар гуруҳи келиб қолган ва улар тезюрар поездга чиқишни хоҳлагандир.

Самарқанддан бошқа ерга учиб кетишда ҳам кўп вариантлар йўқ эди. Шунчаки Москвага қайтиб кетиш жуда оддий танлов бўлиб қоларди, мен эса осон таслим бўлмайман. Шу тариха 4-вариантни танладим. «Яндекс» Душанбега 4 соатда етиб олиш мумкинлигини кўрсатди, лекин самарқандликлар барчаси йўлдаги об-ҳавога боғлиқ деб айтишди. Мен таваккал қилишга қарор қилдим...».

Варламовнинг навбатдаги манзили Ўрта Осиёнинг яна бир гўзал шаҳри Душанбе бўлади. Блогернинг у ердаги саёҳатини ҳам кузатиб борамиз.

 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top