20:55 / 17.02.2020
0
6459

Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар онлайн тарзда консуллик ҳисобидан ўтишлари мумкин

Фото : KUN.UZ

2020 йил 10 февралдан “Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” кучга кирди.

Ташқи ишлар вазирлиги томонидан консуллик фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий базани ҳамда янги ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизматлар кўрсатиш бўйича дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари имкониятини такомиллаштириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2020 йил 10 февралдан “Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” кучга кирди.

Ушбу йўриқномага мувофиқ, чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобидан ўтиш учун consulate.mfa.uz веб-портали орқали масофадан интерактив консуллик хизматидан фойдаланишлари мумкин. Айни пайтда ушбу интернет-ресурс синов режимида ишга туширилган.

Вақтинчалик ва доимий консуллик ҳисобига олиш бўйича интерактив хизмат дастурий тизими техник синовдан ўтказилгандан кейин қисқа вақт ичида ўрнатилади ва йўлга қўйилади.

Шунингдек, вазирлик бошқа консуллик хизматларини босқичма-босқич интерактив асосга ўтказиш устида иш олиб бормоқда.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top