11:20 / 18.02.2020
2
51524

Дунёдаги энг бой одам «Ер учун асосий таҳдид»га қарши курашга 10 млрд доллар ажратди

Жефф Безос Ерни қутқариш учун маблағ ажратадиган махсус жамғарма ташкил этди. Миллиардер ўз бойлигининг қарийб 8 фоизини унга йўналтирди

Фото: Pablo Martinez Monsivais / AP

Amazon асосчиси Жефф Безос иқлим ўзгаришига қарши кураш учун 10 миллиард доллар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда у Instagram’да ёзди.

Миллиардер сўзларига кўра, иқлим ўзгариши «сайёрамиз учун энг катта таҳдиддир». Безоснинг таъкидлашича, у бошқа одамлар ва ташкилотлар билан биргаликда Ерга иқлим ўзгаришининг фалокатли таъсири билан курашишнинг янги усулларини топиш мақсадида ишлаш ниятида.

Amazon раҳбари айтишича, юқорида кўрсатилган маблағ ўзи томонидан ташкил этилган «Безос Ер жамғармаси»га йўналтирилади. Тадбиркорнинг қайд этишича, жамғармадан маблағ ушбу муаммо устида ишлайдиган олимлар, фаоллар ва нодавлат ташкилотларга ажратилади. «Мен ёзда грантлар беришни бошлайман», - деб ёзди у.

Бундан ташқари, Безос йирик ва кичик компаниялар, турли мамлакатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва оддий одамларни ҳамкорликда ишлашга чақирди. «Ер барчамизни бирлаштирадиган нарса, уни биргаликда ҳимоя қилайлик», - дея хулоса қилди миллиардер.

Дунёдаги энг бой одамларнинг пулини реал вақт режимида кузатиб борувчи Forbes рейтингига кўра, Жефф Безос 129,9 миллиард доллар билан ер юзидаги энг бой одам саналади. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун ажратган 10 миллиард доллар - унинг бойлигидан қарийб 8 фоизни ташкил этади.

Бундан олдин ҳам Безос ўз бойлигидан хайрияга катта маблағлар ажратган. Хусусан, ўтган йил кузида у уйсизларга ёрдам бериш учун 100 миллион доллар тақдим этди, январь ойида эса Австралиядаги ўрмон ёнғинларига қарши курашиш мақсадида 690 минг доллар ўтказди.

Ўтган йил май ойида миллиардернинг собиқ рафиқаси Маккензи Безос ўз бойлигининг ярмини хайрия ишларига бериб юборган эди. Бир йил олдин эри билан ажрашгандан сўнг, у Amazon’нинг 4 фоиз акциялари эгасига айланди. Компания акцияларининг ўша пайтдаги қийматига кўра, Маккензининг бойлиги деярли 36 миллиард долларни ташкил этган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top