20:02 / 18.02.2020
49
39994

Вазир ўринбосари: «Ўзбекистонда 8 миллионга яқин киши бир тийин ҳам солиқ тўламайди»

Ўзбекистонда меҳнат билан банд аҳолининг 8 миллионга яқини норасмий секторда. Баҳодир Умрзоқовнинг таъбирича, «давлатимизнинг қудратига, қувватига ҳисса қўшмайдиган 8 миллион аҳолимиз бор».

18 февраль куни Тошкентда «Ўзбекистон Республикасида давлат ва жамият қурилишининг янги босқичи, мамлакатни демократик модернизациялашда парламент ва ҳокимлик вакиллик органларининг ролини ошириш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Унда сўзга чиққан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов Ўзбекистон меҳнат бозоридаги ҳолат статистикасини келтирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«[2020 йил 1 январь ҳолатига] банд бўлган аҳоли сони 13 миллион 541 минг нафар кишини ташкил этади. Шундан 5 миллион 7 юз минг киши расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланади. 8 миллионга яқини эса норасмий. Яъни бу тоифадаги инсонлар ҳар куни норасмий ишлаб, чўнтагини пулга тўлдириб уйга боришади. Болалари, мактаб, боғчалар ва ҳоказоларга беришади. Лекин давлатга булар бир тийин ҳам солиқ тўламайди, тўловларни қилмайди.

Яъни давлатимизнинг қудратига, қувватига ҳисса қўшмайдиган 8 миллион аҳолимиз бор», – деди Баҳодир Умрзоқов.

У президент мурожаатномасида айни шу тоифадаги инсонларни расмий секторга ўтказиш масаласи қўйилганини таъкидлади.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бу борадаги ишлар 2019 йилнинг апрель ойида бошланган. Ҳар бир норасмий фуқаро ишлаётган корхона, муассаса, ташкилотларга огоҳлантириш берилган. 2019 йил 1 сентябрига қадар ана шу тоифадаги инсонларни расмийлаштириш, расмий жиҳатдан тўловларни белгилаш масаласи қўйилган.

«Ўтган йили қисқа муддатда 480 минг кишини норасмийдан расмийга ўтказилди. Бу жуда машаққатли ва ижтимоий муҳим масала», – деб таъкидлади Умурзоқов.

Вазир ўринбосарининг айтишича, норасмий банд бўлган аҳолини расмий бандга ўтказиш тезлик билан ҳал бўладиган масала эмас. Буни 3-4 йилда, кўрсаткичларни аста-секин оширган ҳолда амалга ошириш мумкин.

«Масалан, ўтган йили 480 минг нафар киши бўлса, 2020 йилда тахминан 550 минг, кейинги йил 1 миллионга яқин кишини [расмий секторга] ўтказиш тадбирларини белгилаб қўйганмиз», – деди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top