Танзила Норбоева бошчилигидаги махсус комиссия аёллар бандлиги билан шуғулланади
Сенат раиси бошчилигидаги махсус комиссия хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва бандликни таъминлаш бўйича йил давомида «фавқулодда ҳолат» режимида ишлайди.
Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида, Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигида махсус комиссия ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 7 март куни Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан бўлиб ўтган маросимдаги нутқида айтиб ўтди.
Ушбу комиссия келгуси йил 8 мартга қадар ҳар бир ҳудудда “фавқулодда ҳолат” режимида ишлаб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича ишларни мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида ташкил қилади.
Мазкур комиссияда “Халқ банки” раисининг ўринбосари Г.Рашидова хотин-қизларнинг бизнес ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлади. Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, “Бизнесни ривожлантириш банки” ва “Микрокредитбанк”да ҳам аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш бўйича алоҳида раис ўринбосарлари иш бошлайди. Ана шу раҳбарлар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада янги бизнес ғояларига эга хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳар томонлама кўмак берадилар.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 минг 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун масъул этиб белгиланади.
Бу борада маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг камида 40 фоизи аёллар таклиф этган лойиҳаларга йўналтирилади. Шу мақсадда ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар учун ҳунармандчилик, тадбиркорлик марказлари ва кластерлари ташкил этилади. Ушбу масканларда 205 минг нафар опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрланади ҳамда тадбиркорлик асосларига ўргатилади.
Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 8 минг нафар хотин-қизга ўз бизнесини бошлаши ва меҳнат қуролларини харид қилиши учун субсидия, 10 минг нафарига эса имтиёзли кредитлар ажратилади. 50 минг нафар ёш аёллар учун малакали мутахассислар иштирокида “Бизнес марафон” лойиҳаси ташкил этилади. Ушбу лойиҳа доирасида юзлаб қобилиятли қизларимизга ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам берилади.
Умуман, бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм, жумладан, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 6 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядаги элчиларимиз аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 100 миллион долларлик грантларни жалб қилади.
Мавзуга оид
17:43 / 17.01.2025
2025 йилда 60 та туман ва шаҳар камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади
09:30 / 16.01.2025
2024 йилда ўзини ўзи банд қилганлар сони 76,5 фоизга кўпайди
17:13 / 12.01.2025
Ўзбекистонда 2025-2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури амалга оширилади
18:19 / 07.12.2024