11:00 / 23.02.2020
0
26497

Дунёдаги энг катта сайт: Реклама бермайдиган, 150 минг таҳрирчиси бор Википедия ҳақида

Дунёдаги энг катта сайт қайси деб ўйлайсиз? Йўқ, саволни бошқачароқ берамиз: дунёдаги энг машҳур сайт қайси? Бу, шубҳасиз Википедия. Google раҳбари бу танловимиз учун хафа бўлишмас, чунки Google сайтдан кўра кўпроқ қидирув тизими номига муносиброқ. Орамизда Википедияга ҳеч бўлмаса бир марта маълумот қидириб кирмаган одам бўлмаса керак.

Фото: Getty Images/Anadolu Agency

Википедия кўплаб тилларда маълумот берувчи дунёдаги энг катта очиқ интернет энциклопедиясига айланиб улгурди. Бу сайтнинг муассиси АҚШдаги «Фонд Викимедиа» нотижорий ташкилоти ҳисобланади. Бугун бу ташкилотнинг 37та ҳудудий бўлинмалари бор. «Википедия» сўзи инглизчадан олинган: «Wiki» – тез маъносини билдирса, «pedia» энциклопедия сўзи ўзагидан олинган. Сайт 2001 йил Жимми Уэйлс ва Ларри Сэнгер томонидан очилган.

Вики тарих

Википедия аввалига инглиз тилида бепул маълумот берувчи «Нупедия» онлайн-лойиҳасига қўшимча тарзда яратилади. 2001 йил 10 январда Уэйлс ва Сэнгер Нупедиянинг номини Википедия деб ўзгартиришади. 2001 йил 15 январда www.wikipedia.com сайти расман очилади. Ўша йил сўнгигача сайтда 18 тилда 20 мингта турли мавзулардаги маълумот пайдо бўлади. 2002 йилда жами 26 тилда 46 мингта маълумот жойлаштирилади. 2007 йилга келиб Википедиянинг инглиз тили бўлимида 2 миллионта маълумот жойланганди.

Вики жамияти

Википедиядан маълумот олувчи оддий фойдаланувчилар унга ўзлари ҳам маълумот жойлашлари ва аввалроқ жойланган маълумотлардаги эскирган жойларини тўғрилаши мумкин. Аноним тарзда интернетдан фойдаланувчилар маълумотларни янгилай олишмайди. Википедия очиқ маълумотлар базаси бўлгани учун аноним фойдаланувчиларга сайт маълумотларини таҳрирлашга имконият бермайди.

Википедияга маълумот жойлайдиганлар кўнгилли сифатида ишлайди ва уларга ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Википедияда энг катта гуруҳ 2008 йил инглиз тилидаги бўлимга маълумот жойлайдиган кўнгиллилардан йиғилади.

Сайт жуда аниқ қоидалар билан ишлайди ва кўнгиллиларни қатъий тартиб билан танлаб уларга маълумот жойлашда аниқ талаблар қўяди. Мабодо кўнгиллилардан бирортаси диний, ирқий камситишлар ёки зўравонликка тарғиб қиладиган маълумотларни киритмоқчи бўлса, ундай маълумотлар сайтга киритилмайди ва ўша кўнгилли зудлик билан сайт маъмурлари сафидан ўчирилади.

Вики тиллари

Фото: Jaap Arriens / Zuma/ ТАСС

Бошланишида 10дан ортиқ тилда маълумот берган Википедияда 2015 йилга келиб дунёнинг 300га яқин тилида маълумотлар жойланади. Жумладан, 51та тилда 100 000дан ошиқ, қолган 237та тилнинг ҳар бирида 10 000дан ошиқ маълумотлар жойланган.

Тиллар орасида интернет фойдаланувчилари ташрифи бўйича энг оммабопи инглиз тили ҳисобланади. Бошланишига умумий ташриф буюрувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи айнан инглиз тили бўлимидан маълумот қидиради. Ўшанда бошқа тиллардаги бўлимга ташриф буюрувчилар сони анча кам бўлган. Масалан, умумий фойдаланувчиларнинг 7,8 фоизи испан, 6,7 фоизи немис, 5,8 фоизи япон тили бўлимига кирган. Кейинчалик вазият анча ўзгариб, бошқа тилларнинг кўрсаткичлари ошиб боради.

Вики-фонд, вики-дастур ва вики-таъминот

Википедия харажатларини шу номда очилган алоҳида фонд қоплаб беради. Шу ўринда, Википедияда кўнгиллилар ишласа, унда пул нимага ишлатилади, деган савол туғилиши мумкин. Википедия бугун дунёдаги энг оммабоп сайт сифатида жуда кўп сервер тизимларини ишлатади. 2013 йилда сайт бир пайтнинг ўзида 974та сервер хизматидан фойдаланган. Википедия ўртача секундига 25 мингдан 60 минггача сўров қабул қилади.

Вики-диск

2004 йил Википедия ўз базасидаги маълумотларни қаттиқ дискларда сотувга чиқара бошлайди. Илк CD-дискларга немис тилидаги маълумотлар жойланади. Ҳар бир диск 3 евродан сотилади. 2005 йилда DVD-дисклар ҳам чиқарилади. Ҳар бир дискда 205 мингта маълумот ва 10 мингта сурат жойланган эди. Directmedia DVD-дискларни 9 евродан баҳолайди ва жами 30 мингта DVD-диск сотилади.

Ўша йили декабрда дискларнинг учинчи партияси сотувга чиқарилади. Бу сафар ҳар бир DVD-дискка 300 мингта маълумот, 100та сурат ва 139 саҳифали китоб жойланган эди. 2006 йилда Википедиядаги маълумотларни 100 томда ҳар китобни 800 саҳифали қилиб чоп этиш ҳақидаги режа эълон қилинади, аммо негадир режадан воз кечилади.

2007 йилда 1 964та маълумот жойланган инглиз тилидаги DVD-дисклари ҳам сотувга чиқарилади. Энг сўнгги диск 239 минг маълумот ёзилган ва 59 минг сурат жойланган ҳолда поляк тилида чиқарилган.

Википедиянинг ўзи маълумотларни китоб ҳолида чиқариш режасидан воз кечган бўлса-да, бу иш бошқалар томонидан қилинади. 2009 йилда рассом Роб Мэттьюс Википедиянинг инглиз тилидаги бўлимидаги маълумотлар киритилган 5 000 саҳифали китоб чоп этади. 2010 йилда англиялик ёзувчи Жеймс Брайдл Википедиядаги «Ироқ уруши» мавзусида 2004 йилдан 2009 йилгача янгилаб борилган маълумотлар асосида 20 том, 7 000 саҳифали китоб чоп этишга киришади.

Вики ишонч

Фото: psychologicalscience.org

Википедия ташкил топганидан буён тўхтовсиз ривожланиб келмоқда. Дунёдаги энг обрўли статистика сайтларидан ҳисобланган Alexa маълумотларига кўра, Википедия 2018-2019 йилларда дунёдаги энг кўп интернет фойдаланувчиси ташриф буюрадиган 5та энг оммабоп сайтлардан бири бўлган. Бугун дунёдаги жуда кўп сайтлар, улар орасида ҳатто ривожланган давлатлар ва халқаро ташкилотларга тегишли сайтлар ҳам бор, ўз маълумотларида Википедияни манба сифатида кўрсатади. Масалан, Канада парламенти, АҚШ федерал суди, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти сайтларида Википедия манба сифатида кўрсатилган.

Вики совринлар

2004 йил май ойида Википедия иккита нуфузли мукофот билан тақдирланади. Булар – нуфузли Prix Ars Electronica конкурсидаги «Олтин Ника» соврини ва халқаро судлар томонидан берилган жамият йўналишидаги «Webby» соврини. 2008 йил 25 августда украиналик астрономлар томонидан кашф этилган астероидга «274301 Википедия» номи берилган. 2014 йил 22 октябрда Польшанинг Слубице шаҳрида дунёда илк бор Википедияга атаб ёдгорлик ўрнатилди.

Вики-лойиҳалар

Википедия фонди сайтнинг кўплаб бўлимларини ишлаб чиққан:

Вики-луғат – кўп тармоқли луғатлар;

Вики-иқтибос – иқтибослар, иборалар ва мақоллар;

Вики-тека – кутубхона;

Вики-дарслик – турли дарсликлар;

Вики-верситет – интерактив таълим ва илмий лойиҳалар;

Вики-янгиликлар – халқаро ахборот агентлиги;

Вики-омбор – мультимедия файллари сақланадиган бўлим;

Вики-кўриниш – биологик кўринишлар ҳақида маълумотлар;

Вики-гид – сайёҳлик йўналишида турли тилларда маълумот берувчи ва йўл кўрсатувчи лойиҳа;

Медиа-вики – Википедия фондининг турли лойиҳалари ва ҳужжатлари ҳақида маълумотлар жойлаштирилган веб-сайт.

Википедияга ёғдириладиган танқидлар

Википедияни тез-тез танқид қилиб туришади. Айрим мамлакатлар уни блоклаб ҳам туради. Бунга аксарият ҳолларда айрим воқеа-ҳодиса юзасидан турли мамлакатларда берилган расмий маълумот билан Википедияда берилаётган маълумотларнинг фарқ қилиши сабаб бўлади. Шу сабаб айрим ҳолатларда Википедияни тасдиқланмаган маълумотлар эълон қилишда айблашади.

Википедия ҳақида қизиқарли маълумотлар

2018 йил маълумотларига кўра: wikipedia.org домени 327 881 859 АҚШ доллари қийматида нархланган.

Википедияда 35 миллион аккаунт рўйхатга олинган, улардан 150 мингтача аккаунт Википедияга маълумот жойлаш ва ундаги маълумотларни таҳрирлаш ҳуқуқига эга.

Википедиянинг рамзи Ер шарининг ранг-баранглигини ва унда турли хил одамлар яшашини англатади.

«Викимедия фонди» тижорий мақсадларни кўзламаган ташкилот. У ҳар йили кўплаб тадбирлар ўтказиб, улардан тушган маблағларни хайрия сифатида ишлатади.

Википедиядаги энг кўп таҳрир қилинган маълумотлар АҚШнинг собиқ президенти кичик Жорж Бушга тегишли саҳифа бўлган. У жами 45 862 марта таҳрирланган.

2018 йил маълумотига кўра, Википедияда 301 тилда маълумотлар жойланяпти. Бугунгача 40 миллиондан ошиқ маълумот киритилган. Википедиянинг wikipedia.org интернет манзили ташриф буюрувчилар сонига кўра дунёда бешинчи ўринда туради.

2013 йилда ЮНЕСКО Жимми Уэйлсни «инсоният интеллектига ҳисса қўшгани учун» Нильс Бор номидаги халқаро соврин билан мукофотлайди. Википедияга 1 ойда ўртача 2,5 миллиард фойдаланувчи ташриф буюради. Агар Википедия ўз сайтида реклама берганида ойига 300 миллион долларга яқин пул ишлаши мумкин бўларди. Аммо бу сайтда реклама берилмайди.

Википедиянинг ўзбекча бўлими

Википедиянинг ўзбек тилидаги бўлими Oʻzbekcha Vikipediya 2003 йил 21 декабрда очилган. Ўзбек тилидаги маълумотлар ушбу бўлимга икки хил, лотин ва кирилл алифбосида жойланган. 2013 йилда Википедияга Ўзбекистон миллий энциклопедияси жойлангандан сўнг, унинг ўзбек бўлимига ташриф буюрувчилар сони кескин кўпайди ва у натижалар бўйича бошқа кўплаб тиллардаги бўлимларни қувиб ўтди.

2020 йил 15 февраль санасига кўра Oʻzbekcha Vikipediyaда 50 158 нафар фойдаланувчи рўйхатга олинган. Улардан 147 нафари охирги бир ой ичида актив бўлган. Ўзбекча бўлимга 133 230та маълумот жойланган. Умумий таҳрирлар сони 2 075 515тани ташкил этади. Бугун, Oʻzbekcha Vikipediya Википедиядаги турли тилларга тегишли бўлимлар орасида 57-ўринда турибди.

Ўзбекистонда Википедия сайти фойдаланувчилар ташрифи бўйича Google.comYoutube.comKun.uzOlx.uz ва Mail.ru. сайтларидан сўнг олтинчи ўринда туради.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top