Taftish.uz сайти раҳбари сиртдан қамоққа олинди. У қидирувда бўлиши мумкин
Сайт раҳбари фуқароларнинг 33,3 минг АҚШ доллар қийматидаги пул маблағларини ўзлаштириб, талон-торож қилиб юборганликда айбланмоқда. Бу ҳақда маълум қилган Бухоро вилояти прокуратураси кўп ўтмай расмий каналидан мазкур хабарни ўчириб ташлади.
Taftish.uz сайти раҳбари Ғайрат Абераевга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси хабар берди. Бироқ кўп ўтмай вилояти прокуратурасининг Telegram’даги расмий каналидан ушбу хабар ўчирилди.
Маълум қилинишича, Ғайрат Абераев Taftish.uz сайти раҳбари сифатида Шофиркон тумани ҳудудида яшовчи фуқароларни алдаб, сайтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали уларнинг муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига кўп миқдордаги пулларини олиб, шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Хусусан, Ғайрат Абераев 2020 йил октябр ойида муқаддам Конимех туманидаги “Алибек Ислом” МЧЖ раҳбарига қарашли бўлиб, кейинчалик туман қоракўлчилик ширкати балансига ўтказиб юборилган 1400 гектар яйлов ерларини фермер хўжалиги номига қайта расмийлаштириб бериш эвазига 5 минг доллар олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Шунингдек, фуқаро Қ.Х.дан туман ҳокимлиги захирасига олинган 1800 гектар яйлов ерларни унинг ўзига қайтариб олишда ёрдам беришини айтиб, бунинг эвазига ундан жами 22 минг АҚШ доллари олган.
Бундан ташқари, фуқаро М.С.га Жиноят кодексининг 105-моддаси билан содир этган жинояти учун “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган вақтда унинг отаси И.С.га ўғлини қамоқдан чиқаришга ёрдам беришини айтиб, унинг 5 минг долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Қайд қилинишича, Ғайрат Абераев шу ва бошқа ҳолатларда фуқароларни алдаш орқали уларнинг жами 33,3 минг АҚШ доллар маблағларини қўлга киритган. Ушбу ҳаракатлари учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ҳамда сиртдан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Пешкў тумани ИИБи томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Прокуратура хабарида Абераевга нисбатан қидирув эълон қилинган ёки қилинмагани айтилмаган. Қонунчилик талабига кўра сиртдан (айбланувчи ушланмаган вақтда) қамоқ қўлланилган тақдирда унга нисбатан қидирув эълон қилиниши лозим.
Мавзуга оид
12:58 / 28.09.2024
Молдовада еттита кремлпараст сайт блокланди
09:22 / 05.06.2024
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида визага ариза бериш тартиби ўзгарди
08:11 / 13.04.2024
Роскомнадзор Россияда 1998 йилдан бери мавжуд бўлган сайтни блоклади
09:23 / 09.11.2023