11:22 / 25.02.2020
9
27159

Сариосиёдаги охиригача обод бўлмай қолган маҳалла: Шароит йўқлигидан қариялар қийналишмоқда

Маҳаллада ишлар режадагидек амалга оширилмагани туфайли кўчалар яна ўнқир-чўнқир ҳолга қайтган, электр энергияси таъминоти қониқарсиз ҳолда қолмоқда - трансформатор дам-бадам портлаб кетади.

Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Гулобод» маҳалласи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 март кунги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги ПФ–5386-сонли фармонига кўра ободонлаштириш рўйхатига киритилган эди.

Лекин 1950-йилларда асос солинган қишлоқда «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида бажарилган ишлар ўлда-жўлда ва сифатсиз бажариб кетилгани маҳалла аҳлининг ҳафсаласини пир қилди.

Масалан, маҳалла марказий кўчасига ётқизилган сифатсиз асфальтда бир йилга бормасдан чуқурлар пайдо бўлди ва ёғинли кунларда кўлмаклар ҳосил бўлмоқда.

Дастур доирасида ариқлар тартибга келтирилмади. Симёғочларни алмаштириш учун бетон устунлар келтирилди, лекин улар кўчанинг ярмини банд қилиб ётибди, холос.

Маҳалла аҳлини қийнаётган энг катта муаммо — электр энергияси тўхтовсиз ўчавериб, барчани безор қилаётганидир.

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи оқсоқоллардан бири Қурбонбой Хўжаназаровнинг сўзларига кўра, 1954 йилдан буёғига ҳозиргача бирорта симёғоч алмаштирилмаган.

«Бир суткада 24 соат бўлса, шундан 4-5 соат свет берса, қолган вақт ўчади», — дейди оқсоқол.

Маҳалладаги бошқа оқсоқоллар ҳам чироқсиз дунёдан узилиб қолишаётганини билдиришди.

«Свет ўчгани туфайли телевизорда янгиликлардан бехабар қолмоқдамиз», — дейди Рамазон Ҳожиев.

«Президентнинг Парламентга мурожаатномасини, 4 соатлик нутқини биз одамларнинг оғзидан эшитяпмиз. Шу мурожаатноманинг ҳаттоки 10 дақиқасини ҳам кўра олганимиз йўқ. Хитойда коронавирус тарқабди, деган хабарни телевизорда энди томоша қилаётган эдик, свет кетди, охиригача эшитолмай ҳам қолдик», — дейди Қурбонбой Хўжаназаров.

Уларнинг айтишича, чироқ кечаси соат 1дан тонгги соат 6гача узатилмоқда.

Маҳалланинг фақат ярми табиий газ билан таъминланган. Ҳолбуки қувурлар ва ГРПлар жойида турибди. Баллонли газ ҳам вақтида етказилмаяпти, етказилгани эса оилаларнинг эҳтиёжи учун камлик қилмоқда.

Иситиш учун газдан фойдаланишнинг имкони йўқлиги сабаб, қишда уйлар электр энергияси ёрдамида иситилади. Маҳалладаги трансформатор подстанцияси эса ортиқча зўриқишни олмаяпти. Ушбу маҳаллада бўлиб, оқсоқоллар билан суҳбатлашиб қайтганимиздан сўнг трансформатор подстанцияси портлаб кетиб, маҳалла 10 кун чироқсиз қолган.

Таъмирлашгандан сўнг подстанция яна икки кунда портлаб кетган.

Маҳалладаги бош кўча электр энергияси тақчиллигидан озор чекмоқда. Бу кўчада энг биринчи бўлиб кўчиб келганлар яшайди ва уларнинг кўпчилиги қариялардир. 90 ёшдан ошганлар икки нафар, 70-80 ёшдан ошган қариялар эса 40 нафарга яқин. Улар қишда чироқсиз жуда қийналишмоқда.

Оқсоқолларнинг фикрича, шу ердаги собиқ коллеж биноси электр узатиш линиясидан 200 метрча сим тортиб, ток олиб ёки янги трасформатор подстанцияси қурибгина муаммони ҳал этиш мумкин.

Оқсоқоллар «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан кўчадаги чиқиндилар ҳам ўз вақтида тозалаб олиб кетилмаётганини айтиб ўтишди. Ҳолбуки, чиқинди учун аҳолидан ойма-ой пул ундирилади.

Шунингдек, узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинган маҳалла масжиди ҳам ёпилгани, боболар кундалик жамоат намозлари учун узоқроқдаги масжидга чиқишга қийналишаётганини айтиб, барча шарт-шароитларга эга, таъмирланган ушбу масжидни ҳам жомеъ масжиди филиали сифатида очиб беришни мутасаддилардан сўраб қолишди.

Биргина маҳаллада тўпланиб қолган муаммолар билан танишдингиз. Уларнинг аксарияти мутасадди ташкилотлар кўмаги билангина ҳал бўлади. Ўйлаймизки, «Гулобод»ни обод қилиш йўлида бошланган ишлар сариосиёлик мутасаддилар томонидан якунига етказиб қўйилади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz махсус мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top