Жамият | 21:28 / 04.08.2023
94552
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳоким билан баҳслашган мактаб директорининг қамалиш сабаблари маълум қилинди

28-сонли мактаб директори Умида Турсунова майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик моддалари билан айбланган. 

Фото: Видеодан кадр

26 июл куни ўтказилган йиғилишда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан тортишган Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори Умида Турсунова Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир неча моддалари бўйича айбдор деб топилган. 

Олий суд хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг 2023 йил 26 июлдаги қарори билан Умида Турсунова (1982 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори вазифасида ишлайди) Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқубузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) 2-қисмига асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. 

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 28 июлдаги қарорига мувофиқ Умида Турсуновага нисбатан жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан 2023 йил 26 июлда чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолдирилган. 

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 1 августдаги ажримига кўра Умида Турсуновага нисбатан биринчи ва апелляция инстанция судлари чиқарган қарорлари ўзгартирилиб, унга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

26 июл куни Сариосиё туманидаги 12-сонли умумий ўрта таълим мактабида содир бўлган ҳодиса видеоси интернетда 3 август куни тарқалганди. Видеода вилоят ҳокими Умида Турсуновага лавозимидан олинганини айтгач, директор «менинг нима айбим бор?» деб сўрайди. «Эплолмаганинг учун, бутун дунёга шарманда қилганинг учун», дея жавоб берган вилоят ҳокими.

«У ерда нима бўлганини сиз қаердан биласиз? «Муҳитни буздинг», дейсиз, нима муҳит бузилган у ерда? Мактабнинг томорқасигача сотиб юборишяпти, шунча ёзганимизга индамайлик деб... Аҳволни ўрганадиган одам йўқ, буларнинг ҳаммасининг тили бир», деган Умида Турсунова вилоят ҳокимининг даккиси ноўрин эканини таъкидлар экан.

Мактаб директори «вилоят ҳокимига тўғри маълумот киритилиши кераклиги»ни таъкидлайди. «Йўқот, йўқот, йўқот, нима қиляпман мен? Сенлар мактабда хоҳлаган ишингни қилдинг, ҳеч ким ҳеч нарса қилмади-ку?! Менга чора кўриладими? Нимага ташқарига чиқаман? Мана шу ерда туриб охиригача эшитаман, президентга айтадиган гапим бор. Отса, мени Ўзбекистон олдига олиб чиқиб, отиб ташласин», деган у. Шундан сўнг директор ички ишлар органи ходимлари томонидан мажлислар залидан олиб чиқиб кетилган.

Мажлислар залини тарк этаётган Умида Турсунова вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга қарата «Ҳайф сиздай вилоят ҳокимига», дейди.

Бу видео интернетда кенг тарқалгач, Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова мактаб директори билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олгани хабар қилинди. У мактаб директори айни вақтда қамоқдан озод қилинганини айтганди.

Мавзуга оид