22:59 / 28.02.2020
1
45644

Коронавирус: ЖССТ вирус тарқалиши хавфини “жуда юқори”гача оширди. Вирусдан биринчи спортчи вафот этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 28 февралда дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши хавфини “жуда юқори” даражагача оширди. Шунингдек, вирусдан дунёда биринчи спортчи вафот этди. 

Фото: Reuters

“Биз коронавирус тарқалиши ва унинг оқибатлари хавфи даражасини “жуда юқори”гача оширдик”, деб айтган ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус Женевадаги матбуот анжуманида. 

30 январда ЖССТ коронавирус тарқалиш хавфини “ўртача”дан “юқори”гача оширганди.

Гебрейесуснинг таъкидлашича, турли давлатларда вирусдан касалланиш ҳолатлари сони кўпаяётгани ва унинг жадал тарқалаётгани жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бир неча кун ичида дунёда коронавирусдан касалланиш билан боғлиқ вазият кескин ўзгарди. Жанубий Корея, Эрон ва Италияда касалланганлар сони жадал кўпаймоқда.

ЖССТ раҳбарининг маълум қилишича, айни вақтда дунёда коронавирусга қарши 20 дан кўпроқ вакцина ишлаб чиқилмоқда. Баъзи тадқиқотчилар бу борада анча олға силжишга муваффақ бўлишган. Мисол учун, америкалик олимлар бундай воситани беморларда синашни бошлашга киришмоқда. 

“Бутун дунёда 20дан кўпроқ вакцина устида иш олиб борилмоқда ва бир нечта даволаш воситалари клиник синовдан ўтказилмоқда. Биз биринчи натижаларни бир неча ҳафталардан кейин олишни кутмоқдамиз”, деб таъкидлаб ўтган Гебрейесус.

Ҳозирча шифокорлар касалликни даволашда грипп ва ОИВга қарши воситаларни қўллашмоқда. 

Бу орада коронавирус спортчилар орасида биринчи қурбонга олиб келди. Эронлик профессионал футболчи, футзал бўйича аёллар миллий терма жамоаси аъзоси Илҳом Шайҳий коронавирусдан вафот этди.

23 ёшли қиз касаллика қарши 10 кунлик курашдан кейин 26 февралда ҳаётдан кўз юмган. 

Айни вақтда Хитойдан ташқарида 49 та давлатда 4351 киши вирусга чалингани аниқланган. Хитойда 28 февралда 327 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Бу Хитой учун 23 январдан бери энг паст кўрсаткич бўлиб, касалланганлар умумий сони 78800 кишини ташкил қилмоқда. Шунингдек, вирус қурбонлари сони 2800 нафарга етди.  

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top