23:12 / 29.02.2020
0
3938

Греция миграция масаласини муҳокама қилиш учун зудлик билан ЕИ ташқи ишлар вазирлари йиғилиши чақирилишини талаб қилди

Греция ташқи ишлар вазири ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакилига миграция борасидаги сўнгги воқеалар ҳақида маълумот берган ва ЕИ Кенгашининг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги фавқулодда йиғилиши ўтказилишини талаб қилган.

Фото: pixabay.com

Греция ташқи ишлар вазирлиги Туркиянинг ўз чегараларини очиб ташлаш ва мигрантларга Грецияга ўтишига тўсқинлик қилмаслик тўғрисидаги қарори боис зудлик билан ЕИ Кенгашининг ташқи ишлар бўйича йиғилиши ўтказилишин талаб қилди. Бу Афина Македония янгиликлар агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, Греция ташқи ишлар вазири Никос Дендиас ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелга қўнғироқ қилган. Агентликнинг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, Дендиас Боррелга миграция борасидаги сўнгги воқеалар ҳақида маълумот берган ва ЕИ Кенгашининг ташқи ишлар вазирлари даражасидаги фавқулодда йиғилиши ўтказилишини талаб қилган.

Бунгача эса Дендиас бу масала бўйича Австрия, Болгария, Шимолий Македония, Туркия ташқи ишлар вазирлари билан қўнғироқлашган. У шунингдек АҚШнинг Грециядаги элчиси Жеффри Пайетт билан учрашиб мазкур масалани муҳокама қилган.

Туркиянинг мигрантларнинг чегарани кесиб ўтишларига тўсқинлик қилмаслиги тўғрисидаги қароридан сўнг Греция бош вазири Кириакос Мицотакис ўзининг Лесбос, Хиос ва Самос оролларига режалаштирган ташрифини бекор қилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top