13:12 / 02.03.2020
0
26448

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидалари эълон қилинди

Ўзбекистонда Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидалари тасдиқланади

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида Темир йўл кесишмаларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Қоидаларда ёзилишича, улар “Автомобиль транспорти тўғрисида”ги, “Темир йўл транспорти” тўғрисида”ги, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги ҳамда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек темир йўлда ташувларни ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш доирасида техник тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатларга мувофиқ қуйидагиларни белгилайди:

1) мансублигидан қатъий назар умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти ва идораларга қарашли темир йўл шохобча йўллари темир йўл кесишмаларининг таснифланиши ва тоифаларини аниқлаш тартибини;

2) темир йўл кесишмалари чегарасида жойлашган ва уларга олиб борадиган автомобиль йўллари участкаларининг тузилиши, жиҳозланиши, фойдаланиши, сақланиши ва таъмирланишига бўлган талабларни;

3) темир йўл кесишмаларини очиш ва ёпиш, шунингдек, мансублигидан қатъий назар темир йўл кесишмаларини бир тоифадан бошқа тоифага ўтказиш талабларини;

4) мансублигидан қатъий назар темир йўл кесишмаларига хизмат кўрсатувчи навбатчи ходимларнинг ишини ташкил этиш тартиби ва вазифаларини.

Темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун қуйидаги қурилмалардан фойдаланилади:

1) автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсиш ва темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари (йўл ҳаракати қатнашчилари) ҳаракатини тўхтатиш қурилмаси.

Темир йўл кесишмаси кесишма сигнализацияси билан жиҳозланганда, шлагбаумлар такрорий қурилма ҳисобланиб, темир йўл кесишмасида транспорт воситаларининг (йўл ҳаракати қатнашчилари) санкциясиз ўтиб кетишларидан тўсади.

Ҳаракатга келтириш услубларига кўра шлагбаумлар қуйидаги турларга бўлинади:

автоматлашган – поезднинг темир йўл кесишмасига яқинлашганда темир йўл ҳаракат таркибининг мавжудлигини қайд этувчи темир йўл участкасига кириб келганида ва кесишма светофорларининг қизил сигналлари (чироқлари) ёқилганда ҳисобланган вақт давомида шлагбаум тўсувчи брусларининг ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши автоматик тарзда амалга оширилади. Поезд темир йўл кесишмасини бўшатгач шлагбаумнинг тўсувчи бруслари очиқ (вертикал) ҳолатга яна автоматик равишда ўтади. Бунда кесишма светофорининг қизил сигналлари (чироқлари) ўчади;

ярим автоматлашган – тўсувчи брусларни ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши поезд яқинлашиш участкасига кириб келишида автоматик равишда ёки темир йўл станцияси навбатчиси томонидан поездга сигнал очилиб, маршрутни бирлаштирилиши ёки махсус тугма босилиши билан амалга оширилади. Шлагбаум тўсувчи брусларининг очилиши (уларни вертикал ҳолатга ўтказилиши) кесишма навбатчиси томонидан махсус тугмани босиш орқали амалга оширилади;

электрлашган (электр-шлагбаумлар) – тўсувчи брусларни ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказилиши, кесишма навбатчиси хабарлаш сигналини қабул қилгандан сўнг махсус тугма босилиши орқали амалга оширилади. Шлагбаум тўсувчи брусларининг очилиши (уларни вертикал ҳолатга ўтказилиши) темир йўл кесишмаси поезддан бўшатилгандан сўнг, кесишма навбатчиси томонидан махсус тугмани бошланғич ҳолатга қайтариш орқали амалга оширилади;

механизациялашган – шлагбаумлар механик узатмага эга бўлиб, унинг ёрдамида кесишма навбатчиси тўсувчи брусларни қўлда очиқ (вертикал) ва ёпиқ (горизонтал) ҳолатга ўтказади;

горизонтал-буриладиган (захира) – тўсувчи бруслар очиқ ҳолатда автомобиль йўлининг қатнов қисмига параллель равишда жойлашади. Транспорт воситаларининг ҳаракатини тўхтатиш учун кесишма навбатчиси (ёки кесишма навбатчиси вазифасини бажарувчи бошқа ишчи) уларни қўлда бураб автомобиль йўлининг қатнов қисмини тўсади;

2) кесишма навбатчиси (ёки кесишма навбатчиси вазифасини бажарувчи бошқа ишчи) томонидан бошқариладиган, ёқилганда поездни темир йўл кесишмасига киришини тақиқлайдиган қурилма;

3) поезд яқинлашганда кесишма светофорлари ва товушли сигнализациялари ёқилиши билан темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари ва йўл ҳаракати қатнашчилари ҳаракатини тақиқловчи қурилма;

Функционал вазифасига мувофиқ кесишма сигнализацияси куйидаги турларга бўлинади:

автоматлашган светофор сигнализацияси – поезд маълум бир масофага яқинлашганда кесишма светофорларининг автоматик равишда милтилловчи қизил сигналлар (чироқлар) ёқилишини ҳамда поезд темир йўл кесишмасидан ўтиб кетгандан сўнг уларни ўчишини амалга оширувчи кесишма сигнализацияси. Автоматик светофор сигнализацияси навбатчи ишчи томонидан хизмат кўрсатиладиган темир йўл кесишмаларида автоматлашган шлагбаумлар билан биргаликда қўлланилади;

милтилловчи оқ чироқ билан автоматлашган светофор сигнализацияси - кесишма светофорлари темир йўл кесишмасига яқинлашувчи поезднинг йўқлиги ва сигнализация қурилмалари созлигини кўрсатадиган милтилловчи оқ сигналли (чироқли) қўшимча сигнал каллагига эга бўлган кесишма сигнализацияси;

автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган автоматлашган светофор сигнализацияси – автоматик равишда кўтариладиган ва тушириладиган қўшимча шлагбаум бруслари билан тўлдирилган кесишма сигнализацияси;

автоматлашган шлагбаумлар билан жиҳозланган ярим автоматлашган светофор сигнализацияси – қўшимча шлагбаум бруслари билан тўлдирилган, сигнализация ёқилиши ва шлагбаумлар туширилиши поезд яқинлашганда автоматик равишда, сигнализация ўчирилиши ва шлагбаумлар кўтарилиши эса темир йўл кесишмасидан поезд ўтганидан сўнг навбатчи ходим томонидан тугма босилиши орқали амалга ошириладиган кесишма сигнализацияси;

светофор сигнализация – тўсиш светофорлари сифатида қўлланиладиган кесишма сигнализацияси ва махсус светофорларнинг ўзаро боғлиқлик қурилмаси. Меъёрий (ҳисобий узунликдаги) яқинлашиш участкаларини барпо қилишнинг имкони бўлмаган фақат шаҳарлардаги идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларида қўлланилиши мумкин;

хабарлаш сигнализацияси – навбатчи ходимга поезднинг темир йўл кесишмасига яқинлашаётгани тўғрисида оптик ва акустик хабар берадиган сигнал бўлиб, тўсувчи техник воситаларининг ёқилиши ва ўчирилиши темир йўл кесишмасига хизмат кўрсатувчи навбатчи ходим томонидан амалга оширилади;

4) ҳаракат учун ёпиқ темир йўл кесишмасига поезд яқинлашганда, транспорт воситаларини санкциясиз кириб келиш уринишларига физик тўсиқ (ғов) яратувчи, қатнов қисмини тўлиқ беркитиш учун мўлжалланган мослама;

5) автомобиль йўлининг қатнов қисмида махсус плиталарни кўтариб, темир йўл кесишмаси орқали автотранспорт воситалари ҳаракатига ғов бўладиган темир йўл кесишмасини тўсиш қурилмаси.

Темир йўл кесишмаларидан фойдаланаётган темир йўл транспортининг барча ташкилотлари, йўл хўжалиги ва йўл ҳаракати иштирокчилари темир йўл кесишмаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан бирига риоя қилишлари шарт: темир йўл транспорти темир йўл кесишмасида бошқа барча транспорт турлари олдида ҳаракатланиш устунлигига эга.

Мазкур Қоидалар қуйидагиларга татбиқ этилади:

1) темир йўл транспортида барча фойдаланилаётган ва янгидан лойиҳалаштирилаётган темир йўл кесишмаларига;

2) поездларнинг ҳаракат тезлиги 200 км/соатгача бўлган темир йўл транспортида.

Поездлар ҳаракат тезлиги 200 км/соатдан ортиқ бўлган, юқори тезликдаги темир йўл транспортида темир йўл кесишмаларини барпо этиш тақиқланади. Автомобил йўллари билан бир сатҳда жойлашган мавжуд кесишмалар автотранспорт воситаларини темир йўлга киришини истисно этувчи КТҚлар билан тўсилганда, улар вақтинча сақлаб қолиниши мумкин.

Зарур ҳолларда алоҳида темир йўл кесишмаларида юқори тезликдаги поездни ўтказиш учун хавфсизликни таъминлашнинг қўшимча чораси сифатида кесишма навбатчиси постидан қарама-қарши томонида жойлашган горизонтал текисликда буриладиган захира шлагбаумларни ёпиши ва қулфлаши лозим. Бундай темир йўл кесишмалар рўйхати умумий фойдаланишдаги темир йўл инфратузилмаси эгаси томонидан белгиланади.

Ҳар йили 1 апрелдан 1 июнгача бўлган даврда темир йўл транспортида инфратузилма эгаси ёки идораларга қарашли темир йўл шохобча йўллари эгалари томонидан темир йўл кесишмаларининг комиссия кўриги ўтказилиши лозим.

Инфратузилма эгаси ёки шохобча темир йўллари эгаси бўлажак комиссия кўриги тўғрисида ДЙҲХХга, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясига, Автомобиль йўллари қўмитасига ва Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига, маҳаллий давлат ҳокимияти ва (ёки) маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органига, кўрик ўтказилаётган темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи автомобиль йўл участкаси эгасига, зарур ҳолларда ушбу кўрикда иштирок этадиган йўловчи ташиш автотранспорт ташкилоти вакилига маълум қилади.

Темир йўл кесишмаларида ҳамкорликдаги комиссия кўриги натижалари бўйича далолатнома тузилади ҳамда улар асосида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича календар иш режалар ишлаб чиқилади, шу жумладан темир йўл кесишмаларининг жиҳозланиш ва фойдаланиш ҳолати, темир йўл кесишмаларидан хавфсиз фойдаланишини регламентловчи техник тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар талаблари ва мазкур Қоидаларга мувофиқ бартараф этилиши лозим.

Йил давомида инфратузилма эгаси ёки шохобча темири йўл эгаси ташаббусига биноан темир йўл кесишмалари ва унга ёндашув йўллар ҳолатини бошқа кўриклари ўтказилиши мумкин.

Темир йўл эгаси ёки шохобча темир йўллари эгаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, йўл ташкилотлари ДЙҲХХ таркибий бўлинмалари билан ҳамкорликда агар темир йўл кесишмасининг техник ҳолати темир йўл ташишлари ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашни регламентловчи техник тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермаса, шунингдек ноқулай об-ҳаво шароитлари, табиий офатлар, ёнғинлар, автомобиль йўли кўтарувчанлик қобилиятини йўқотган ва бошқа ҳолатларда, оммавий ахборот воситалари орқали автомобиль йўл фойдаланувчиларини огоҳлантирган ва тегишли йўл белгиларини ўрнатган ҳолда жойлардаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларга хабар берилиб, таъмирлаш-қурилиш ишлари амалга оширилганда темир йўл кесишмаси орқали транспорт воситалари ва йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳаракатини вақтинча чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Амалдаги кесишмаларни ёпиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ёпилган кесишмани очиш (доимий ёки вақтинча), шунингдек йўл ўтказгичдан 5 километр ва ундан кам масофада жойлашган темир йўл кесишмаларининг мақсадга мувофиқлигини аниқлаш ва уларнинг ёпилиши, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш ва (ёки) жойлардаги давлат ҳокимият органлари, ДЙҲХХ, темир йўл кесишмасини кесиб ўтувчи автомобиль йўли участкаси эгаси билан келишилган ҳолда, инфратузилма эгаси ёки шохобча темир йўл эгаси томонидан комиссия кўриги натижаларига кўра амалга оширилади.

Йўл ўтказгичида таъмирлаш ишлари амалга оширилганда реверсив ҳаракат ташкил этишнинг имкони бўлмаса, йўл ҳаракати қатнашчилари ва қурилиш техникаларининг узлуксиз ва хавфсиз ўтишларини таъминлаш мақсадида, йўл ўтказгичидан 5 километрдан кам масофада темир йўл кесишмасини барпо этишга рухсат этилади.

Ёпилган темир йўл кесишмаларида (доимий ёки вақтинчалик) йўл тўшамаси олиб ташланади (настил), темир йўл кесишмасига олиб бориш йўлаклари четки рельсдан камида 10 метр масофада, йўлнинг тўлиқ кенглиги бўйича, баландлиги 0,5 метрдан кам бўлмаган тўсиқ билан ҳамда зарур ҳолатларда тўсиқлардан темир йўл томонга 2 метр масофада жойлашган чуқурлиги 0,6 метр ва эни 0,4 метр ўлчамдаги ариқлар билан тўсилади. Темир йўл кесишмасига ёндашув ва олиб бориш йўлларидаги огоҳлантириш белгилари олиб қўйилади. Бунинг ўринга айланиб ўтиш жойлари бошида унинг йўналишини кўрсатувчи ахборот белгилари ўрнатилади.

Ёпилган темир йўл кесишмасида барча жиҳозлар демонтаж қилинади. Темир йўл кесишмасидан фойдаланиш қисқа муддатга тўхтатилганда, автоматлашган темир йўл кесишма сигнализацияси унинг ёпиқ туриш муддатида ўчирилади ҳамда қўлда ҳаракатлантирилувчи горизонтал-буриладиган захира шлагбаум бруслари транспорт воситалари ҳаракати учун ёпиқ ҳолатга келтирилади ва қулф билан ёпилади. Темир йўл кесишмасида автоматик қурилмаларни ўчириш тартиби инфратузилма эгаси ёки шохобча темир йўллари эгаси томонидан белгиланади. Ёпилаётган темир йўл кесишмаларига олиб бориш йўлларида инфратузилма эгаси ёки шохобча темир йўллари эгаси ушбу темир йўл кесишмасини кесиб ўтадиган автомобиль йўли эгаси билан келишган ҳолда транспорт воситаларини бурилиб олишлари учун майдончалар билан жиҳозланиши керак.

Темир йўл кесишмасини ёпилганлиги тўғрисида хабардор этиш инфратузилма эгаси ва шохобча темир йўллари эгаси зиммасига юкланади. Хабар бериш тартиби, шунингдек, ёпилаётган темир йўл кесишмаларининг ускуналари, қурилмалари ва жиҳозларини демонтаж қилиш, уларни сақлаш ёки қайта фойдаланиш тартиби инфратузилма эгаси ёки шохобча темир йўллари эгаси томонидан ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда белгиланади.

Иккинчи йўлларни қуриш ва транспорт алоқаларини ривожлантириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда инфратузилма эгаси ва шохобча темир йўллари эгаси автомобиль йўл эгалари билан биргаликда бир сатҳдаги мавжуд кесишувларни йўл ўтказгичлари билан алмаштириш ёки автомобиль йўлларини темир йўлга яқин жойлашган сунъий иншоотлар остига кўчириш масалалари ҳал этилиши керак.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top