Ўзбекистон | 19:03 / 08.02.2024
5718
2 дақиқада ўқилади

Парламентда авиа ва темирйўл чипталари харидида таниш-билишчилик ҳолатлари борлиги қайд этилди

Шу билан бирга, вагонларда бирламчи тиббий хизмат кўрсата олувчи мутахассислар йўқлиги, шаҳар атрофидаги ҳудудларга ҳаракатланувчи замонавий тезюрар электропоездлар қатнови ҳанузгача етарли даражада ташкил этилмагани танқид қилинди. 

Фото: ЎзА

Авиа ва темирйўл транспорти учун чипта харид қилиш жараёнида инсон омили ҳануз юқори, коррупцион ва таниш-билишчилик ҳолатлари бор. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган Транспорт вазирлигининг «Авиа ва темир йўл транспортларида фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида»ги ахбороти эшитувида айтиб ўтилди. 

Қайд қилинишича, шу билан бирга, вагонларда бирламчи тиббий хизмат кўрсата олувчи мутахассислар йўқ, шаҳар атрофидаги ҳудудларга ҳаракатланувчи замонавий тезюрар электропоездлар қатнови ҳанузгача етарли даражада ташкил этилмаган. 

Бундан ташқари, чартер ва мунтазам парвозларни амалга ошириш ҳамда хорижий авиаташувчиларни Ўзбекистон авиаташувлар бозорига жалб этиш бўйича мезонларнинг мукаммал эмаслиги, фуқаро авиацияси соҳасини рақамлаштириш ва ўзаро интеграциялашда мезонларнинг белгиланмагани бўйича эътирозлар билдирилди. 

Эшитувда халқ вакиллари авиа ва темирйўл транспортларига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бораётганини қайд этиб, авиа ва темирйўл тизимида ташувчиларнинг қонунчиликда мажбуриятлари ва жавобгарлигини аниқ белгилаш, соҳага хусусий сектор ва хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича мутасаддиларга бир қатор таклифларни берди. 

Маълум қилинишича, 2023 йилда Ўзбекистондаги 11 та халқаро аэропорт ва учиш-қўниш майдончалари орқали 85 минг 702 та авиақатнов амалга оширилиб, 10 млн 409 минг йўловчига, 70,870 минг тонна юк ва почтага хизмат кўрсатилган. Авиакомпаниялар сони 9 тадан 15 тага етказилган. Шунингдек, миллий авиапаркка хориждан 28 та ҳаво кемаси келтирилган, уларнинг умумий сони 75 тага етган. 

Бундан ташқари, 2023 йилда темирйўл транспортида маҳаллий йўловчиларни ташиш йўналишлари 6 тага оширилиб, 29 тага етказилган. Мазкур йўналишларда 44 та йўловчи поезд ҳаракатланган бўлиб, шулардан 6 таси юқори тезликда ҳаракатланувчи, 6 таси тезюрар, 16 таси йўловчи поездлари ҳамда 18 таси шаҳар атрофида ҳаракатланувчи электропоездлардир.

Мавзуга оид