08:18 / 03.03.2020
0
28424

Талабаларга ўқиш учун тўловни камида тўртга бўлиб тўлаш имкони тақдим этилди

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилади

Фото: KUN.UZ

Президент “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари талабаларига ўқув йили давомида 
тенг улушларда камида тўрт маротаба ўқиш учун тўловларни амалга ошириш имконияти тақдим этилишини таъминлайди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат юридик университети ва Тошкент давлат педагогика университетида тажриба тариқасида босқичма-босқич масофавий ўқитиш шакли жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар масофавий ўқитиш шаклини амалга ошириш тартибини белгилаш, дастурий-аппарат комплексини яратиш, тегишли олий таълим муассасаларининг ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини жорий этиш ва ўрнатилган тартибда зарур бўлган ускуналар билан жиҳозлашни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил 1 январга қадар тажриба натижаларини инобатга олган ҳолда олий таълим тизимига масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш тўғрисидаги таклифларни ўқитишнинг ушбу шаклини амалга киритишнинг олий таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимидаги графиги билан биргаликда киритади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top