15:23 / 10.03.2020
0
4964

Маҳкумларнинг учрашувлари ва телефон сўзлашувлари сонини кўпайтириш режалаштирилмоқда

Маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш кўзда тутилмоқда

Фото: Максим Блинов

2020 йил 10 март куни парламент қуйи палатасида «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси муҳокамасига киритилиши режалаштирилаётган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб, «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, лойиҳа асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жазони ижро этиш тизимида шахснинг ахлоқини тузатиш, жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашни назарда тутувчи ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Хусусан, маҳкумларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш, жумладан, тинтув жараёнида жисмоний куч ва махсус воситаларнинг асоссиз қўлланилишига йўл қўймаслик, шахсий хавфсизлигини таъминлаш, уларни рағбатлантиришнинг адолатли мезонларини ишлаб чиқиш, шу асосида рағбатлантириш чораларини қўллаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, лойиҳада вояга етмаган маҳкумларнинг ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашишга бўлган ҳуқуқига нисбатан чекловларни бекор қилиш, маҳкума аёлларнинг ўз фарзандлари билан учрашишининг алоҳида тартибини белгилаш ҳамда маҳкумларнинг учрашувлари, телефон орқали сўзлашувлари сонини кўпайтириш, учрашувлар вақтини алмаштириш тизимини ташкил этиш кабилар ҳам ўз аксини топмоқда.

Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватлашди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top