Ўзбекистон | 15:29 / 27.02.2024
58255
9 дақиқада ўқилади

"Қарийб 4 млнга яқин фуқароларга бевосита даҳлдор" - ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига оид қонун лойиҳаси ҳақида

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида” қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримовнинг ахборотига кўра, бу қонун 3,8 миллиондан ортиқ фуқаронинг 493 минг гектарга тенг ер участкалари тақдирини белгилаб беради.

Ҳозирги кунда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган,

ер участкасидан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келаётган ёки ерга бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш масаласи ер эгасига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра охирига етмаган 3,8 миллиондан ортиқ 493 минг гектар ер участкалари мавжуд.

Қолаверса, амалдаги қонунчиликда ушбу ерларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш учун ҳуқуқий асос ҳам, ваколатли орган ҳам белгиланмаган.

Ҳозиргача ҳуқуқларни эътироф этиш масаласида жами 5 марта “акция” эълон қилинган. Уларда ҳаммаси бўлиб 1 миллион 338 мингта ўзбошимча қурилган уй ҳужжатлаштирилган. Хусусан:

  • республика бўйича: 03.08.2016 йилдаги 251-сон Ҳукумат қарори асосида 695 738 та, 20.04.2018 йилдаги ПФ–5421-сон Фармон асосида 621 580 та;
  • айрим ҳудудларда: 19.04.2021 йилдаги 223-сон Ҳукумат қарори асосида
  • Нукус шаҳрида 3 979 та, 13.08.2021 йилдаги 520-сон Ҳукумат қарори асосида
  • Асака, Шаҳрихонда 16 871 та, 28.07.2023 йилдаги ПФ–119-сон Фармон асосида Қорақалпоғистонда 232 та (давом этмоқда).

Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади

Қонун лойиҳаси билан ҳуқуқларни эътироф этиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

1) Кадастр агентлиги Автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 12 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;

2) 12 та ваколатли давлат органлари (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, “Ўзбеккосмос” агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича маълумотларни тизимга киритади;

3) тўпланган барча ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги тизим орқали вилоят адлия бошқармаси томонидан текшириб чиқилади;

4) ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга СМС-хабарнома юборилади (фуқаро ариза бериши талаб этилмайди);

5) хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).

Қонунга асосан қуйидаги кўчмас мулкларга нисабатан ҳуқуқлар эътироф этилиши белгиланмоқда:

1) 2018 йил 1 май кунига (яъни 20.04.2018 йилдаги ПФ–5421-сон Фармони билан эълон қилинган “бир марталик акция”га) қадар фуқаролар якка тартибдаги уй-жой қурган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

2) 2018 йил 1 май кунига қадар фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга;

3) “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга (126 мингдан ортиқ);

4) 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер участкаларига;

(“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ (15.09.2020 й. таҳрири) вилоят, туман, шаҳар ҳокимликларининг ер муносабатлари соҳасидаги қарорлари Халқ депутатлари тегишли Кенгаши томонидан тасдиқланиши назарда тутилган.

5) боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари (“БУШ”) ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер участкасига (730 та БУШда 7,5 мингдан ортиқ);

6) кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартга (Низом қабул қилингунига) қадар жойлаштирилган тадбиркорларнинг ер участкасига (500 дан ортиқ);

7) давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига;

8) ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкасига.

Бунда, ижара муддати якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ер участкалари учун тўқсон тўққиз йил, бошқа ер участкалари учун қирқ тўққиз йил этиб белгиланмоқда.

Ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари сифатида қуйидагилар белгиланмоқда:

1) ер участкаси бошқа шахсга ажратилмаганлиги ёки аукционга чиқарилмаганлиги;

2) ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;

3) ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;

4) муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;

5) ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).

– якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача эътироф этилади:

1) 1998 йил 1 июлга қадар эгалланган бўлса0,24 гектаргача;

2) 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.

Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.

Ҳуқуқларни эътироф этганлик учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилиши қайд этилмоқда:

1) Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари (1,7 млн сўм);

2) Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари (1,02 млн сўм);

3) вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари (680 минг сўм);

4) бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм);

5) Қолган ҳолларда эса (ҳужжатда кўрсатилганидан ортиқча эгалланган ерлар, тижорат мақсадлари учун ажратилган ерларда), бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади (ўртача аукцион баҳоси туманлар ва маҳаллалар кесимида Давактив агентлиги томонидан ҳар олти ойда эълон қилинади).

Бунда, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги “акция” вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.

(бир марталик тўловлардан Кадастр агентлиги, Адлия вазирлиги, “Ўзбеккосмос” агентлигининг харажатлари қопланади. Қолган маблағлар кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги инфратузилмани ташаббусли бюджетлаштириш тадбирларига йўналтирилади)

Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган жавобгарликдан озод этилиши белгиланмоқда.

Ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи эътироф этилиши ушбу ер участкаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ аҳоли пунктларининг ерлари ёки саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифаларига ўтказилишига асос бўлади.

Якка тартибдаги уй-жой қурилган ер участкасининг тоифаси ўзгариши муносабати билан фуқаролардан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича тўловлар ундирилмайди.

Халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан ҳар бир маҳаллада жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади.

Жамоатчилик гуруҳига маҳалла жойлашган округдан сайланган туман Кенгаши депутати (гуруҳ раҳбари), маҳалла раиси (ўринбосар), ҳар 100 нафар оиладан камида 1 нафардан фаол фуқаролар киритилади.

Вазифалари: аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш, маълумотлар тўғрилигини кузатиб бориш, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари қарорлари лойиҳаларининг муҳокамасида иштирок этиш ҳисобланади.

Прокуратура, ички ишлар, қишлоқ хўжалиги, экология ва кадастр органлари Қонунни амалга оширишда давлат назоратини ўрнатади.

Лойиҳанинг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий (прописка, моддий ёрдам, мактаб, боғча) ҳамда бино ва иншоотларни коммунал тармоқларга улаш бўйича юзага келаётган муаммоларининг ҳал этилишига имкон беради.

Мавзуга оид