18:40 / 12.03.2020
0
18140

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво масаласида янги инновацион сайтни ишга туширди

Мусулмонлар идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги турли саволларига тезкорлик билан жавоб қайтаришни таъминлаш мақсадида www.fatvo.uz сайтини ишга туширди. У 10 мартдан синов тариқасида фаолият юритмоқда. Унда «Ақида», «Поклик», «Намоз», «Рўза», «Ҳаж ва Умра», «Никоҳ», «Талоқ», «Савдо ва тижорат», «Қасам ва назр», «Ижара», «Ҳалол-ҳаром», «Руҳий тарбия» ва шу каби долзарб рукнлар остида жавоблар эълон қилиб борилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мўмин-мусулмонларнинг диний мазмундаги саволларига тез ва қулай равишда жавоб олишларини таъминлаш мақсадида, интерактив ва инновацион хизматларни ўз ичига олган www.fatvo.uz  сайтини ишга туширди. Бу ҳақда идора Ахборот хизмати хабар қилмоқда. Таъкидланишича, мазкур сайт диний савол-жавоб йўналишида энг замонавий хизматларни ўзида мужассам этгани билан алоҳида аҳамиятга эгадир.

Эндиликда, ушбу сайтдан фойдаланувчилар шаръий масалаларга оид ўз саволларини сайтнинг «Савол юбориш» бўлими орқали йўллашлари мумкин. Савол матнига аудио, видео ва суратларни илова сифатида тақдим этиш имконияти ҳам тақдим этилган. Берилган саволларга фатво соҳасида етарли билим, тажриба ва юқори малакага эга бўлган мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилади.

Сайтда «Ақида», «Поклик», «Намоз», «Рўза», «Ҳаж ва Умра», «Никоҳ», «Талоқ», «Савдо ва тижорат», «Қасам ва назр», «Ижара», «Ҳалол-ҳаром», «Руҳий тарбия» ва шу каби долзарб рукнлар остида жавоблар эълон қилиб борилади. Кутубхона бўлимида диний мазмундаги китоб ва рисолалар жойлаб борилади. Медиа қисмида уламоларнинг диний саволларга берган видео ва аудио жавоблари жойлаштирилган.

Фойдаланувчилар «Излаш» тугмаси орқали ўзлари учун зарур бўлган мавзулардаги мавжуд шаръий савол-жавобларни топиб, мутолаа қилишлари мумкин.

2020 йил 10 март кунидан эътиборан мазкур сайт тест режимида ўз иш фаолиятини бошлади.

Хабарда таъкидланишича, келгусида ушбу сайтни фатво ва шаръий масалалар йўналишида қомусий манбага айлантириш нияти мавжуд. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top