2020 йил бошидан дунё афкор оммасини бир хабар жиддий ташвишга солмоқда – бу коронавирус пандемияси. Аввал бошда унчалик эътибор берилмаган ҳамда мутасаддилар томонидан жиддий қабул қилинмаган касаллик бугунги кунда дунёнинг 100дан ортиқ мамлакатида «бўй кўрсатди». Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, барча давлатларнинг тегишли вазирликлари вирусдан ҳимояланиш бўйича ўз тавсияларини бера бошлади. 

Хўш, Ислом динида шу каби хасталиклар мавзуси муолажа қилинганми? Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий веб-саҳифасида айни шу масала бўйича Ислом таълимотига доир мақола эълон қилинди. Қуйида мазкур мақола билан танишишингиз мумкин.

Корона вирус (COVID-19) касаллиги  шиддат билан тарқалиб унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида уни  юқумли касаллик эканлиги ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар.

Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Ибодатлар ва истиғфор кўпайтирилади. Мана шу шартларга амал қилиб, вабо, ўлат ва шу каби касалликлардан вафот этган мўмин-мусулмонлар шаҳидлик мартабасини топадилар. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

{ أَيْنَمَا تَكُونُوا يُدْرِكْكُمُ المَوْتُ وَلَوْ كُنْتُمْ فِي بُرُوجٍ مُشَيَّدَةٍ } [ النساء : 78 ]

яъни: “Қаерда бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси 78-оят).

{ وَلاَ تُلْقُوا بِأيْدِيكُمْ إلَى التَّهْلُكَةِ } [ البقرة : 195 ] .

яъни: “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара сураси 195-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом шундай деганлар:

إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ  (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)