08:47 / 13.03.2020
4955

«2019 йил бренди» мукофоти учун очиқ овоз бериш бошланди

2020 йил 10 апрелда “Миллий маркетинг маркази” корхоналар ассоциацияси талқинига кўра III “Йил бренди” мукофотини топшириш тантанали маросими ўтказилади. Бу йил ташкилотчилар ҳар бир истеъмолчи ўзи учун севимли брендга овоз бериш имконига эга бўлсин, деган қарорга келдилар.

“Йил бренди” мукофоти билан Ўзбекистон бозорида ўз маркетинг илгарилатувини муваффақиятли амалга оширган энг фаол компаниялар тақдирланади. Тақдирлаш IV ADWEEK маркетинг ва реклама ҳафталиги доирасида ўтказилади.

“Мукофотнинг асосий вазифаси – маҳаллий бозорда муваффақиятли ишлаётган компанияларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш. Тадбиркорлик соҳасини, Ўзбекистон маркетинг ва реклама хизматлари бозори инфратузилмасини ривожлантириш. Бундан ташқари, биз компанияларнинг ўз товар ва хизматларини илгарилатишнинг самарали услубларига эътибор жалб этишни, маркетинг ва реклама соҳасидаги ютуқларни намойиш этишни, истеъмолчилар орасида ўзига хос тадқиқот ўтказишни ва тақдим этилаётган хизматлар ва таклиф этилаётган маҳсулотлар сифатини баҳоловчи мустақил ҳамжамият ўлароқ намоён бўлувчи МММ аъзолари ҳамда шериклари фикрларини жамлашни истаймиз”, - дея қайд этди ADWEEK ҳафталиги ташкилотчиси, “Миллий маркетинг маркази” корхоналар ассоциацияси бошқаруви раиси Диёр Мирзааҳмедов.

“Йил бренди” мукофоти биринчи бор 2018 йил мартда бўлиб ўтган. Ассоциация, DE FACTO маркетинг агентлиги билан шерикликда, Ассоциация шериклари ва экспертлари ўртасида онлайн овоз бериш ўтказди. Жами, овоз беришда 104 нафар респондент қатнашган. 2017 йилнинг энг яхши савдо маркаси ва энг яхши маркетинг илгарилатувини аниқлаш учун овоз бериш 17 та тоифа бўйича ўтказилган. Профессионаллар овозларига кўра 34 та ғолиб компания аниқланган.

II “Йил бренди” мукофоти III ADWEEK ҳафталиги доирасида, 2019 йил апрелида ўтказилди. 2018 йилдаги энг яхши маркетинг илгарилатувини аниқлаш учун овоз бериш 20 та тоифа бўйича амалга оширилди. Ҳар бир тоифада “энг яхши маркетинг илгарилатуви” номинациясига кўпроқ мувофиқ келувчи битта маркани танлаш таклиф этилганди. Овоз беришда МММнинг 105 нафар аъзолари, шериклари ва экспертлари қатнашдилар. Овоз бериш натижаларига кўра 21 нафар ғолиб аниқланди. Асосий тоифалардан ташқари, махсус мукофотлар ҳам топширилди. Реклама тармоғи ривожига қўшган ҳиссаси учун Дилшод Азимов тақдирланди. “Йил намоёни” мукофотини Texnomart компанияси қўлга киритди, “Йил шахси” мукофоти LeBazar интернет-дўкони маркетинг бўйича директори Азизбек Юсуфовга топширилди.

“Бошқармамизнинг асосий вазифаларидан бири мамлакатимиз реклама бозорини назорат қилиш саналади. Аммо фаолиятимиз фақат назоратдангина иборат эмас. Реклама соҳасидаги таълим ва тадқиқот фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам ўта муҳим саналади. Бу йил истеъмолчилар ўртасида очиқ овоз бериш ўтказилади. Бу эса, “Йил бренди” мукофоти бизга, ваколатли давлат органи сифатида, барча маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқарувчиларининг саъй-ҳаракатлари йўналтирилган аудитория – якуний истеъмолчилар аслида нимани афзал билишларини аниқлаш имконини беради. Брендларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатини яхшилаш нуқтаи назаридан бу жуда муҳим қайта алоқадир. Айнан шу сабабли, Мукофот ғолибларида улар 2019 йилнинг энг яхши бренди эканликларини намойиш этиш имконияти яратилади”, - дейди Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши кураш қўмитаси қошидаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Реклама фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов.

Жорий йилда ғолибларни аниқлаш механизми сезиларли ўзгаришларга учради. Авваллари бўлганидек, МММ аъзолари, шериклари ва экспертлари ўртасида овоз бериш ўтказилади. Бироқ, шу билан бирга, http://t.me/adweek_bot телеграм-ботида очиқ овоз бериш ҳам бошланди.

“Жаҳон тажрибасида профессионал ҳамжамият овоз бериши натижаларига кўра энг яхши лойиҳалар ва компанияларни аниқлаш урф бўлган. Чунончи, мисол учун, Россиянинг Effie Awards мукофоти 1968 йилдан буён мавжуд, унинг ҳайъат аъзолари реклама ва коммуникация бозорининг 180 нафар эксперти бўлиб, улар 29 та асосий номинация бўйича энг самарали лойиҳаларни танлайдилар. Ўзбекистонда ҳам шу сингари тадқиқот ўтказилишидан мамнунман, у энг яхшиларни юзага чиқариб, рағбатлантириш, етакчиларни аниқлашгина эмас, балки B2C сегменти брендлари қандай ишлаётганлигини ҳам кўрсатади. Бу соҳада эса, рақобат кучли бўлиб, у қизиқарли маркетинг ечимларини юзага келтиради. Жорий йилда жуда қизиқарли ва масъулиятли иш олдимизда турибди. Биринчи босқич истеъмолчилар ўртасида, севимли брендларига очиқ овоз бериш йўсинида ўтказилади. Иккинчи босқичда биз МММ аъзолари ва экспертлари ўртасида анъанавий овоз беришни ўтказамиз, икки босқич натижасига кўра ғолиблар аниқланади. Агентлигимиз вазифаси ва жавобгарлиги овоз беришни холис ва беғараз ўтказиш бўлиб, биз бунга тайёрмиз”, - деди DE FACTO маркетинг агентлиги директори Азиз Бўриев.

Очиқ овоз бериш механизми қандай? Бу саволга овоз бериш давом этаётган Telegramдаги ботни ишлаб чиққан ClickMe компанияси раҳбари Тимур Бакиев жавоб беради.

“Овоз бериш 2020 йил 9-31 март давомида http://t.me/adweek_bot телеграм-ботида ўтказилади. Овоз бериш натижалари www.adweek.uz сайтида акс этади. Мукофотда овоз бериш учун:  http://t.me/adweek_bot ботида рўйхатдан ўтиш, номинациялардан бирини танлаш, овоз бермоқчи бўлганингиз брендни топиб, овоз бериш керак". 

Барча 20 та номинацияда ўз севимли брендларингизни танлаш зарур бўлади:

• Энергетик ичимликлар;                            
• Ширин-газланган ичимликлар;
• Колбаса маҳсулотлари;
• Озиқ-овқат чакана савдоси
• Янгиликлар интернет-сайтлари
• Банк хизматлари
• Қаҳвахоналар
• Қандолат маҳсулотлари
• Мобил операторлар
• Фитнес-клублар
• Тўлов тизимлари
• Кўнгилочар боғлар
• Ресторанлар / Тез хизмат кўрсатиш қаҳвахоналари
• Девелоперлар 
• Чет тиллари курслари ва ўқув марказлари
• Дам олиш зоналари
• Спорт клублари
• Маиший техника
• Деразалар, профиллар
• Маиший техникани муддатли тўлов ёки кредитга сотиш дўконлари

Ҳар бир овоз бренднинг умумий ҳисобига қўшилади. Кўпчиликда овоз бериш хавфсизлиги ва холислиги борасида савол туғилади. Айнан шу сабабли, ҳатто телефон рақам алмаштирилганда ҳам такрорий овоз бериш имкони бўлмаслиги учун, нафақат телефон рақами, балки чат IDси бўйича ҳам рўйхатга олишни жорий қилинди.

Top