Ўтган давр мобайнида истиқболли дея эълон қилинган бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш охиригача етказилмади. Номаълум сабабларга кўра, Nike, Adidas, Hyundai, Burger King, Inditex каби дунё брендлари Ўзбекистон бозорига кириб келмади.

UzAuto Motors 2023 йилда автомобил ишлаб чиқаришни кескин ошириб, 500 мингтага етказмоқчи эди. Лекин компаниянинг бу баёноти ҳам амалга ошмаслиги аниқ бўлиб улгурди.

Статистика агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда йилнинг биринчи ярмида енгил автомобил ишлаб чиқариш ҳажми ўсмаган. 6 ой давомида 161 975 дона автомобил ишлаб чиқарилган, бу ўтган йилнинг мос даврига қараганда 7741 тага кўп холос.

Kun.uz шу сабаб билан охирги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилиши эълон қилинган, лекин охир-оқибат амалга ошмаган ёки амалга ошиши номаълум босқичда турган иқтисодий лойиҳаларга эътибор қаратди.

“Ўзбекистон” ва “Чорсу” меҳмонхоналарининг хусусийлаштирилиши

Бундан 3 йил аввал Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган “Ўзбекистон” меҳмонхонасининг 80,1 фоиз улуши Сингапурнинг “Bashan investment group pte ltd” компаниясига 23,2 млн долларга сотилгани маълум қилинганди.

Шартнома шартларида, Сингапур компаниясининг “Ўзбекистон” меҳмонхонасига 1,5 йил ичида 100 млрд сўм инвестиция киритиши ва 4 юлдузли меҳмонхона ташкил этиши ҳам кўзда тутилганди.

Фото: Бенжамин Гоэтзингер

Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, инвестиция мажбуриятлари ҳам, таъмирлаш ишлари ҳам амалга оширилмади.

Жорий йилнинг 25 июль ҳолатига кўра, меҳмонхонанинг 80,1 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига, 11,7 фоиз улуши “Nafteco Projects LLP”, 8,2 фоиз улуши “Ashton Export LLP” каби офшор компанияларга тегишли.