14:11 / 14.03.2020
83252

«2 киши вафот этган, 4 киши шифохонага ётқизилган» - Учтепа туманида рўй берган портлаш жойидан лавҳа

14 март куни ижтимоий тармоқларда Учтепа тумани Фозилтепа кўчасида жойлашган автосервислардан бирида портлаш рўй бергани ҳақида видеолар тарқалди.

Фото: KUN.UZ

Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа жойига етиб борди.  Aвтосервисда кислород баллони портлаган, натижада сервис биноси томининг бир қисми қулаб тушган. 

Мухбиримизнинг хабар беришича, воқеа жойи ўраб олинган ва ҳеч ким ичкарига киритилмаган. Дастлаб на ички ишлар ходимлари, на Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вазиятга изоҳ беришмади. Ҳатто олинган видео лавҳаларни ўзини Ички ишлар эксперти деб таништирган Сирожиддин Солиҳов деган шахс журналист қўлидан телефонни олиб, олинган кадрларни ўчириб ташлади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котибининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, бирламчи маълумотларга кўра портлаш натижасида 2 киши вафот этган, 4 киши шифохонага ётқизилган. Ҳозирча вафот этганлар шахси номаълум. Шифохонага ётқизилганларнинг аҳволи ҳақида айни пайтда маълумот берилмади.

Ҳозир терговга қадар тадбирлар олиб борилмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, прокуратура ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари воқеа жойида ишламоқда.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Top