00:25 / 16.03.2020
60132

Коронавирус дарагини эшитган Самарқанд: харидлар ошган, маҳсулотлар етарли, одамлар хотиржам

Ўзбекистонда ҳам коронавирус пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар ортидан мамлакат аҳолиси озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур харидлар учун ўзини савдо нуқталарига урди.

Фото: KUN.UZ

Кун давомида мамлакатдаги бозорлар, йирик дўконлар харидорлар билан гавжум бўлди. Kun.uz мухбири Самарқанддаги нарх-наво билан қизиқди.

Шаҳарнинг асосий бозори ҳисобланган Сиёб деҳқон бозорида кеч тушганига қарамай, одам кўп эди. Харидорлар асосан озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилишаётгани кузатилди. Улар картошка, пиёз, ун, мой, хамиртуруш, тухум, ҳожатхона қоғози, нам сочиқчалар ва исириқ ғамлашмоқда.

Нархлар ўзгаргани йўқ. Картошка ҳолатига қараб 2500-3500 сўмдан, пиёз 1500 сўмдан, тухум 700 сўмдан сотилмоқда.

Самарқанд вилоят бозорлар уюшмаси раиси Тоҳир Мамадалиевнинг айтишича, шаҳардаги барча бозорлар доимгидек ишлайверади ва бозорлар ёпилиши ҳақидаги гаплар асоссиз. Сиёб деҳқон бозорида эса душанба доимгидек санитария куни бўлади.

Самарқанд шаҳридаги энг гавжум дўконлар тизими «Optovik» раҳбари билан харидорлар бугун одатдагидан кўплиги, лекин захира маҳсулотлари етарли эканини айтди.

«M Baraka» номидаги супермаркетда ҳам одамлар кўп, лекин расталар ҳам тўла. Дўкон ишчилари расталарга маҳсулотларни тез-тез еткизиб туришибди.

Самарқанддаги деярли барча дўконларда ун, тухум, мой ва хамиртуруш кўп сотиляпти. Харидор аёллардан бири карантин вақтида айнан шу тўрт маҳсулот асқатиши, бу маҳсулотлар орқали доим егулик тайёрлаш мумкинлиги ҳақида гапирди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top