21:30 / 17.03.2020
19123

Марказий банк коронавирусдан сақланиш учун нақд пуллардан камроқ фойдаланишни тавсия этди

Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда коронавирус тарқалиши олдини олиш, уни юқтириб олиш хавфини камайтириш учун банк хизматларидан фойдаланиш борасида бир қатор тавсиялар берди. Хусусан, банк тўловларини амалга оширишда нақд пуллардан камроқ фойдаланиш тавсия этилган.

Биринчидан, аҳоли ва юридик шахсларнинг вакиллари томонидан банк бўлинмаларига бевосита ташриф буюрган ҳолда жорий тўловларни амалга ошириш ҳолатларини камайтириш мақсадида барча шахслардан тўловларни амалга оширишда имкон қадар банкнинг масофавий хизмат кўрсатиш усулларидан, жумладан, интернет-банкинг, банкларнинг мобил иловаларидан ҳамда тўлов ташкилотлари дастурларидан кенг фойдаланиш сўралади.

Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига кўра, тўловларни амалга оширишда нақд пуллардан фойдаланиш вирус тарқалишига олиб келувчи каналлардан бири бўлиши мумкин.

Шу боис банк карталаридан ёки муқобил электрон тўлов турларидан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда тўловларнинг контактсиз амалга оширилиши янада хавфсиз ҳисобланади.

Иккинчидан, аҳолига валюта-айирбошлаш операцияларини амалга оширишда қулай шарт-шароит яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан тегишли банк инфратузилмалари яратилган. Хусусан, республика ҳудудида қарийб 700 та автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкомати ўрнатилган. Тез орада уларнинг сонини 1000 тадан ошириш режалаштирилган. Шунингдек, масофадан туриб валюта айирбошлаш имконини берувчи мобил иловалар фаолияти йўлга қўйилган.

Фуқаролар банкларга бевосита мурожаат қилмасдан мобил иловалар орқали масофадан туриб ёки автоматлаштирилган валюта айирбошлаш банкоматлари ёрдамида валюта айирбошлаш операцияларини кун-у тун режимида амалга ошириш имконияти мавжуд.

2020 йилнинг 18 мартидан бошлаб тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари одатий иш вақти режимида, яъни соат 18:00гача фаолият юритиши таъминланади. Иш вақтидан ташқари, шу жумладан, дам олиш ва байрам кунлари автоматлаштирилган банкоматлар ва мобил иловалардан фойдаланган ҳолда валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш мумкин.

Банк хизматларини амалга ошириш бўйича саволлар юзасидан бевосита тижорат банкларининг ёки Марказий банкнинг +998712000044 рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат этиш мумкин.

Top