13:48 / 21.03.2020
6894

ОКМК ҳудудидаги контейнердан 79 316 666 сўмлик ускуналарни ўғирлаган шахслар ушланди

Талон-торож қилинган ускуналарнинг катта қисми ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган 

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 18 февраль кунига ўтар кечаси номаълум шахслар Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳудудида жойлашган контейнер ичида сақланаётган умумий нархи 79 316 666 сўмлик ускуналарини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинганлар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТҚҲБ 1-сонли ИИБ тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. 

Олиб борилган тергов-тезкор тадбирлар натижасида мазкур жиноятни комбинат қўриқлаш хизмати ходимлари 38 ёшли Х.Н., 28 ёшли А.Э., А.А., Ш.О., сувоқчи, 31 ёшли Н.Н. ва 39 ёшли Д.А. томонидан содир этилганлиги аниқланган. 

Талон-торож қилинган ускуналарнинг катта қисми ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган. Жиноят иши бўйича Н.Н., А.А. ва О.Ш. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган, Э.А. ва Н.Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. 

Қайд этилишича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. 

Top