12:28 / 26.03.2020
9852

Юнусободда ўзини инспектор деб таништирган шахс ҳисоблагични тармоқдан узмоқчи бўлди. Вазирлик огоҳ бўлишга чақирди

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фуқаролардан огоҳ бўлишни ва туман электр тармоқлари вакили деб ўзини таништираётган шахслар сўзларига ишонмасликни сўради.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Билдирилишича, ижтимоий тармоқлардан бирининг фойдаланувчиси ўзини гўёки инспектор деб таништирган шахс ҳақида пост қолдирган. Бу шахс фуқаролардан бирининг уйига келиб, Юнусобод тумани электр тармоқларига кўрсаткичларни тақдим этмаётган ҳисоблагични тармоқдан узиш кераклиги ҳақида айтган.

Энергетика вазирлигининг эслатишича, карантин даврида электр энергиясини тармоқдан узиш ҳолатлари рўй бермайди. Бу, шунингдек, Юнусобод туманида ишлаётган «ақлли ҳисоблагичлар»га ҳам тегишли экани айтилади.

Бундан ташқари, «ақлли ҳисоблагичлар»ни тизимдан қўлда ўчириш умуман назарда тутилмаган, сабаби уларни узиш фақат диспетчер марказидан автоматик равишда амалга оширилади.

«Яна бир бор огоҳ бўлишни сўраймиз. Бундай ҳолатларда сизга мурожаат қилаётган шахснинг ҳужжатларини текширинг», - дейилади маълумотда.

Top