Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов Австралиянинг Сидней шаҳри тажрибасидан келиб чиқиб пойтахтнинг маҳалла ва кўчалари ободонлаштирилишини маълум қилди. Реконструкция ишларида Сидней тажрибасига таянилиши айтилмоқда.

Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов салкам 2 ҳафтадан бери пойтахт туманларида бўлиб, маҳалла ва кўчаларнинг шароити, ҳудудларнинг фойдаланиш қувватини ўрганмоқда.

9 апрел куни Юнусобод тумани Шоштепа маҳалласига бўлган ташрифида Умрзоқов кўча ва маҳаллаларни ободонлаштириш Сидней тажрибаси асосида қилиниши кераклигини айтиб, идеал шароитлар нафақат шаҳар марказида, балки энг оғир ва чекка маҳаллаларда ҳам бўлиши зарурлигини таъкидлаган. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.

2021 йилда қабул қилинган Сиднейнинг “кўча кодлари” ҳужжати 443 варақдан иборат. Унда техник-иқтисодий шартлар, уларни лойиҳалаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатмалар каби ободонлаштириш ва реконструкция ишларида эътибор қаратилиши керак бўлган муҳим жиҳатлар кўрсатилган. Пойтахт ҳокимияти матбуот котиби Гулноза Қосимованинг Kun.uzʼга маълум қилишича, кўча ва маҳаллаларга айни Сидней тажрибаси тўлиқ жорий этилмайди, “аслида бу биз учун йўриқнома эмас, қўлланма”, дейди у.

Қайд этилишича, шулар асосида ҳоким барча маҳаллаларда қўлланадиган стандарт ва нормалар ишлаб чиқилишини таъкидлаган.

Авваллари ободонлаштириш 2-4 та уйдаги муаммоларни бартараф этишни англатарди ва бўлди шу. Биз энди бу ёндашувдан узоқлашамиз. Энди аҳоли сонидан келиб чиқиб, биз атрофида қанча “скамейка” бўлиши кераклигини аниқлаймиз, масалан, 1 ёки 17 та уй, нечта ўйин майдончаси бўлиши ва улар қаерда қурилиши керак, қанча воркаут зонаси керак, болалар майдончаси қаерда бўлсин, кексалар қаерда дам олиши керак, амфитеатр, хиёбон қаерда бўлиши керак, дарахтни қаерга экиш керак, яъни қаерларда уларни суғорса бўлади, қанча чиқиндини йиғиш пунктлари бўлиши керак, сут дўконини қаерга қўйиш керак, қаерларда ноқонуний бинолар бор ва ҳоказо”, – дея шаҳар ҳокимидан иқтибос келтирган Gazeta.uz.