20:30 / 27.03.2020
71026

АТК вазирлиги интернет ва телефон 2 ой ўчирилмаслиги ҳақидаги хабарларга расмий изоҳ берди

Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 23 мартдаги қарорида фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги мазкур масалада фуқаролар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар томонидан ушбу қарор бўйича келиб тушаётган савол ва мурожаатларга изоҳ берди.

«Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Мазкур қарорга кўра, лицензия асосида фаолият юритаётган телекоммуникация операторлари ва провайдерлари, икки ой давомида симли телефон алоқаси (халқаро телефон сўзлашувлардан ва мобил алоқасидан ташқари) ҳамда интернет жаҳон ахборот тармоғига симли ва симсиз уланиш хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаган ҳолларда абонентлар тармоқдан ўчирилмаслиги таъминланади.

Шу билан бирга, ташқи интернет трафиги чекланган тариф режаларида лимитдан ташқари трафик нархини арзонлаштириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда.

Бу ҳақида, фуқароларимизни интернет ва симли телефон алоқасидан фойдаланишда яратилган қўшимча қулайликлар тўғрисидаги маълумотлар билан расмий веб-саҳифаларда, СМС-хабарларни юбориш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этиб борамиз.

Таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда республикада узлуксиз алоқани таъминлаш ва фуқароларимизга имкониятлар яратиш мақсадида телекомуникация операторлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Фуқароларимизни охирги янгиликлардан хабардор қилиш мақсадида телекоммуникация операторлари абонентларига энг кўп ўқийдиган оммавий ахборот воситаларининг манбалари — uzreport.news, xabar.uz, daryo.uz, gazeta.uz, kun.uz, podrobno.uz, repost.uz, uznews.uz, spot.uz’дан бепул фойдаланиш имкони тақдим этилди.

Фуқароларимиз, барча телекоммуникация операторлари ва провайдерлари кўрсатган хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириши бу тармоқнинг сифатли ишлашига таъсир кўрсатади.

Фуқароларимизга қўшимча маълумотларни тақдим этиш мақсадида, телекоммуникация операторлари ва провайдерлари томонидан республикамизда кўрсатилаётган хизматлар бўйича қўшимча чегирмалар ва бонуслар бериш, тўловларни амалга ошириш муддатини узайтириш ҳамда ушбу чора-тадбирлар тўғрисида маълумотларни веб-саҳифаларимизда, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор қилиб борамиз», дейилади вазирлик ахборотида.

Бунга қадар, республикада ўз мобил хизматларини тақдим этувчи Beeline, Mobiuz ва Ucell алоқа операторлари Вазирлар Маҳкамаси қарори доирасига кирмаслиги ва тўловсиз хизматлар тақдим этилмаслигини маълум қилишган.

«Oʼzbektelekom» АК Вазирлар Маҳкамаси қароридан келиб чиқиб, «UZTELECOM» савдо белгиси остида кўрсатиладиган интернет ва телефон алоқаси хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга ошириш имкони мавжуд бўлмаган абонентлар учун хизмат кўрсатиш тўхтатилмаслигини эълон қилган.

Kun.uz «Рerfectum mobile» алоқа оператори билан боғланиб, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига нисбатан позицияси билан қизиқди. Маълум бўлишича, ушбу компаниянинг ҳам ўз вақтида тўловларни амалга оширмаган абонентлари тармоқдан ўчирилади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top