20:35 / 01.04.2020
4592

Карантин вақтида 4500дан ортиқ ичимлик суви намуналари таҳлил қилиниб, уларнинг ичишга яроқлилиги тасдиқланди

Карантин чоралари эълон қилинган вақтдан бошлаб бугунги кунга қадар марказлаштирилган сув таъминоти тизимларидан 4500дан ортиқ ичимлик суви намуналари олиниб таҳлил қилинган ва таҳлил натижаларига кўра, ичимлик суви O`zDst 950:2011 «Ичимлик суви» стандартининг талабларига жавоб беради. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот котиби Алипоша Аҳмедов маълум қилди.

«Ичимлик сув сифати белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ кундалик назорат қилинмоқда. Ушбу мақсадда сув таъминоти корхоналарининг объектлардаги 55та лабораториялари ва 14та марказий аналитик лабораториялар фаолият юритмоқда.

Лабораториялар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология фаровонлиги агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб боради ва режа асосида сув иншоотлардан чиқадиган ичимлик суви текширилади.

Карантин эълон қилинган вақтидан бошлаб бугунги кунга қадар марказлаштирилган сув таъминоти тизимларидан 4500дан ортиқ ичимлик суви намуналари олиниб таҳлил қилинган ва таҳлил натижаларига кўра ичимлик суви O`zDst 950:2011 «Ичимлик суви» стандарти талабларига жавоб бериши, яъни ичишга яроқли экани аниқланди», дея Алипоша Аҳмедовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг айтишича, республикадаги барча сув таъминоти иншоотларининг қатъий режими ҳамда санитария муҳофаза қилиш зонасининг санитария ҳолати доимий назорати ўрнатилган бўлиб, гигиена талаблари ва сифат назоратини узлуксиз равишда амалга оширилмоқда, ичимлик ва оқова сувларни зарарсизлантириш учун 100 тоннадан ортиқ суюқ хлор ва гипорхлорид жамғарилган.

«Ишлаб чиқарилаётган ва истеъмолчиларга етказиб берилаётган ичимлик сувининг хавфсизлиги ва сифатини мониторинг қилиб бориш мақсадида Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1 млрд сўм эвазига Тошкент вилоятида 2та ва Хоразм вилоятида 1та ичимлик сув таъминоти корхоналарини марказий лабораториялари моддий-техника жиҳозлари янгиланди.

Шунингдек, Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4 млрд сўм эвазига Наманган вилоятида 3та, Фарғона вилоятида 2та, Хоразм вилоятида 1та, Тошкент шаҳрида 2та ичимлик сув ҳамда оқова сувларнинг марказий лабораторияларининг моддий-техника жиҳозлари жорий йилнинг апрель ойи якунигача янгилаб берилади», дейди Алипоша Аҳмедов.

Мутахассиснинг айтишича, аҳолини карантин шароитида ичимлик суви ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлашни ташкил этиш ҳамда кўп квартирали уйлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вазирлик тизимидаги ташкилот ва корхоналар кучайтирилган иш режимида фаолият юритмоқда. Ҳудудий уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари, ичимлик сув ва иссиқлик таъминоти корхоналарида кун-у тун фаолият юритаётган диспетчерлик ва авария хизматлари навбатчилиги жорий этилган.

Брифингда бугунги кунда сув таъминоти корхоналари томонидан бир кун-у тун давомида аҳолига қарийб 4 млн м3 сув етказиб берилаётгани, 4 млн м3 оқова сув чиқариб ташланаётгани маълум қилинди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top