22:08 / 02.04.2020
22477

Ҳукуматнинг тезкорлиги ва кескин чоралар. Марокаш коронавирус тарқалишига қарши қандай курашмоқда?

Касабланкадаги Пастер институти мутахассислари миллионлаб марокашликлар хавотир билан кутган хабар — сирли COVID-19 коронавируси мамлакатга етиб келганини расман эълон қилганига бугун роппа-роса бир ой бўлди. Бу эртами-кечми содир бўлишига ҳеч кимда шубҳа йўқ эди. 

Фото: Anadolu

Марокаш ҳукумати таҳдидни тўхтатиш учун кескин чоралар кўришни чўзиб ўтирмади. Сарой ва ҳукумат кўз олдида эпидемия бошланган вақтда жадал ҳаракат қилмаган ва натижада қимматли вақтни бой берган Жанубий Европадаги қатор мамлакатлардаги аянчли ҳолат гавдаланган бўлса не ажаб. 

 Зудлик билан кўрилган чоралар

 Шу боис ҳали ўрганилмаган душман қай даражада хавфли эканлигини англаган Марокаш ҳукумати зудлик билан ҳаракатга келди ва ишга жиддийлик билан ёндашди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги дастлабки бемор тўғрисида хабар қилганидан (2 март) икки ҳафта ўтар-ўтмас, ташқи олам билан мунтазам авиақатновлар бутунлай тўхтатилди, барча ўқув муассасалари, қаҳвахона, ресторан, кинотеатр, театр, спорт клублари, ҳаммом, ўйин ва сайр масканлари ёпилди.

 Ҳукуматнинг алоҳида қарори билан "санитар вазият барқарорлашгунига қадар" масжидлар ёпилди. Инфекция тарқалиши хавфини камайтириш мақсадида матбуот нашрларини чоп этиш ва тарқатишдан воз кечилди.

 Бир неча кундан кейин, харидорларнинг супермаркет ва дорихоналарга ёпирилган кучли тўлқини босилгач, ҳукумат 20 март куни бутун Марокаш ҳудудида бир ойга фавқулодда санитар вазият эълон қилди. Тартибга мувофиқ, аҳолига уйларидан чиқмаслик буюрилди ва жамоат жойларида махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланди. 22 мартдан эса шаҳарлар орасидаги транспорт қатнови тўхтатилди.

 Ўша пайтдан бошлаб тартиб сақлаш ва санитар фавқулодда вазият учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида йирик аҳоли масканларига қироллик қуролли қўшинларининг қисмлари киритилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган мамлакатнинг энг йирик шаҳри Касабланкага зирҳли техникаларнинг кириб келиши акс этган видеоёзув кўпчиликни ҳайратга солганди. Дарвоқе, ҳозирда айнан мана шу шаҳар касаллик юқтирганлар сони бўйича Марокашда етакчи бўлиб турибди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Беш миллион аҳоли яшайдиган Касабланка — қиролликнинг иқтисодий пойтахти ва Африканинг йилига миллионлаб йўловчилар ўтадиган йирик транспорт тугунларидан бири.

 Қайд этиш жоиз, Марокашда чеклов ва профилактика чоралари коронавирусга чалинганлар сони ҳали юзтага ҳам етмаган, вафот этганлар эса уч нафарни ташкил этган пайтдаёқ киритилганди. Ҳукумат бошидаёқ инфекция тарқалиш тезлигини пасайтириш ва соғлиқни сақлаш муассасалари тўлиб кетишининг олдини олишга эътибор қаратди. Соғлиқни сақлаш вазири Холид Айт Толибнинг сўзларига кўра, Марокашда коронавирус юқтирганларни (уларнинг сони ҳозирда 676та) қабул қилишга мўлжалланган 44та ҳоспитал ҳамда 32та махсус маслаҳат маркази тайёрлаб қўйилган.

 Марокаш қироли Муҳаммад VI ҳам ўз сўзини айтди. Унинг кўрсатмаси билан мамлакатда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича махсус жамғарма ташкил этилди. Жамғармага турли компаниялар, жамоат ва бошқа тузилмалардан маблағ келиб тушади. Маблағлар тиббиёт тизимидаги харажатларни қоплаш ҳамда иқтисодиётнинг энг кўп зарар кўрадиган соҳаларини қўллаб-қувватлашга сарфланади. Махсус жамғарма маблағлари шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш ва келгусидаги ижтимоий оқибатларни юмшатишга йўналтирилади.

 Туристлар ва фестивалларсиз

 Атиги бир неча ҳафта ичида қиролликдаги кундалик турмуш тарзи таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Серғайрат, тадбиркор ва киришувчан марокашликлар севимли машғулотларидан воз кечган ҳолда ўз уйларида қамалиб ўтиришга ва бир томондан коронавирусни тўхтатиш учун зарур бўлган, иккинчи томондан эса иқтисодиётни фалаж қилаётган чеклов чоралари бекор қилинишини кутишга мажбур. Марокашдаги юз минглаб оилаларга даромад келтирувчи кичик бизнес деярли ўлди.

 Қироллик ЯИМнинг қарийб 10 фоизини ташкил этувчи муҳим соҳа – туризм аянчли аҳволда қолди. Интернет фойдаланувчилари ҳар куни Марракеш, Фес, Мекнес шаҳарларининг ўрта асрларга мансуб бўшаб қолган мавзелари суратларини жойламоқда. Яқинда ҳам бундай манзарани тасаввур қилиш қийин эди. 

Қиролликка келадиган меҳмонларнинг катта қисмини европалик туристлар ташкил этарди. Пандемия тугаганидан сўнг жаҳон иқтисодиётини рецессия кутиб тургани сир эмас. Шу боис истиқбол ҳақида ва ҳатто европаликлар Марокаш курортларига қачондан оммавий равишда қайта бошлаши тўғрисида гапиришга ҳали эрта.

 Туризм бўйича миллий кенгаш март ойида хавотирли тахминини эълон қилди. Унинг маълумотига кўра, пандемия Марокашдаги туризм сектори билан алоқадор 9 мингта корхона келажагига хавф солмоқда. Улар орасида катта ва кичик меҳмонхоналар, қаҳвахона ва ресторанлар, саёҳат агентликлари, саёҳатчиларга хизмат кўрсатадиган транспорт компаниялари, автомобилларни ижарага берувчи фирмалар бор. Зарар улкан бўлиши ва миллиардлаб долларларда ўлчаниши кутилмоқда.

 Марокаш учун яна бир йўқотиш — йирик маданий тадбирларнинг бекор қилиниши. Пандемия сабабли 2020 йилда хусусан, "Мавазин" халқаро мусиқа ва оҳанглар фестивали, жаҳон диний мусиқалар фестивали, "Тимитар" мусиқа фестивали ўтказилмайди. Бу тадбирлар ҳар йили кўпсонли меҳмонларни жамлар, қиролликнинг мафтункор имижини шакллантирар, шу билан бир вақтда Марокаш меҳмонхона ва кўнгилочар саноатига яхшигина даромад келтирарди.

 Хавотирли саволлар

 Бугунги ҳукмрон муҳитда хавотирлар ошиб бормоқда. Илгарилари тиббий ниқоб ва қўлқопларга эътиборсизлик билан қараган марокашликлар энди уларни танқис маҳсулот каби авайламоқда. Миллионлаб марокашликларнинг асаблари учун синов бўлаётган фавқулодда санитар вазият қанча вақт давом этади? Қироллик соғлиқни сақлаш тизими касаллик юқтирганларнинг оммавий оқимига дош бера оладими? Мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотлари, газ баллонлари ва дезинфекция воситалари захираси қанча вақтга етади? Марокашликлар ижтимоий тармоқларда ва телефон орқали суҳбатлашганида бир-бирларига мана шу саволларни бермоқда.

 Ҳукумат аҳолини фавқулодда санитар вазият қоидаларига риоя қилишда масъулият, ватанпарварлик, бирдамлик ва жамоавий оқилликка чақирмоқда. Ҳар ерда қулоққа чалинадиган "Уйда қол!" ("Бка фи дар") чақириғи ҳозирги вазиятда инқирозни енгиб ўтиш ва иқтисодиётни қайта тирилтириш имконини берувчи йўриқномадек қабул қилинмоқда.

 "Агарда фуқароларнинг ўзлари ҳамкорлик қилишга тайёр бўлмаса, ҳеч бир ҳукумат одамларни карантинга риоя қилишга мажбур қила олмайди", — деди бош вазир Саад-ад-Дин ал-Усмоний марокашликларни ўзларини қўлга олишга ва тавсияларга амал қилишга чақираркан.

 Киритилган чеклов ва тақиқларга ҳамма ҳам амал қилмаяпти. Айниқса, қашшоқ ҳудудларда яшовчи ва аҳолининг аксарият қисмини камбағаллар ташкил этувчи даҳалардаги одамларни уйларида қолишга кўндириш қийин бўлмоқда. Улар кўп вақтини кўчада ўтказишга ўрганиб қолган ва ўз туманларини бамисоли улкан хонадондек кўришади. 

 Одамларни хонадонларига қувиш учун полициячилар Касабланка, Танжер, Фес ва бошқа шаҳарларда юзлаб қўлга олишлар, можаролар ва дўппослашлар билан якунланадиган мунтазам рейдларни ўтказмоқда. 

 Куч ишлатиш тизимлари ходимлари кўп вақт ва ҳаракатларини тиббий ниқоб ва антисептик гелларни қиммат нархда сотмоқчи бўлганлар, коронавирус тарқалиши тўғрисида интернетда ёлғон хабарлар тарқатувчилар ва колл-марказлар ходимларининг асабларини эговлайдиган телефон безориларини аниқлаш ва қўлга олишга сарфламоқда.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top