Жаҳон | 10:17 / 20.12.2023
5563
3 дақиқада ўқилади

NYT: Россияга тақиқланган маҳсулотлар Марокаш ва Туркия орқали етказиб бериляпти

NYT маълумотларига кўра, Россия ўзига зарур бўлган деярли барча асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмларни, хусусан, Хитойдаги сотувчилар тармоғи ҳамда Марокаш ва Туркия портларида товарларни қайта юклаш орқали олишда давом этмоқда.

Фото: Chen Binjie/Xinhua/picture alliance

Американинг The New York Times газетасига кўра, Хитой ва Марокаш компаниялари Россияга иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва Украинага қарши урушни давом эттириш учун зарур бўлган технологик компонентларни етказиб бериш бўйича глобал тақиқларни бузмоқда. Санкциялар қўллангандан сўнг Россия Федерацияси Хитой, Марокаш ва Туркиядаги воситачилар тармоғи орқали телекоммуникация ускуналари ва микрочипларни сотиб олишни бошлади, деб ёзади 19 декабр, сешанба куни нашр россиялик амалдорларнинг 4200 та электрон хатлари, Россия компаниялари ходимларининг ёзиб олинган ўзаро суҳбатлари ва савдо ҳужжатларига таяниб. 

Ғарб фирмалари маҳсулотлари Марокаш ва Туркия портларида бошқа кемаларга қайта юкланяпти

Ушбу ҳужжатлардан маълум бўлишича, Россия томонидан сотиб олинаётган тақиқланган ускуналар ва бутловчи қисмлар бир қисми Марокашнинг Танжер-Мед порти орқали етказиб бериляпти, унда Ғарб компаниялари, хусусан, Cisco, HP, Juniper, Ericsson ва Nokia маҳсулотлари бошқа кемаларга қайта юкланяпти ва Россия Федерациясига жўнатиляпти. Газетанинг таъкидлашича, худди шундай схема НАТОга аъзо Туркия портларида ҳам амалга оширилмоқда.

Шу тарзда олинган товарлар Россия онлайн-дўконларида очиқ сотиляпти. NYT маълумотларига кўра, Украина уруши бошланганидан бери платформалардан бири АҚШ компанияларидан 100 миллион долларга, биргина Хитойдан эса бу йил 150 миллион долларга юқори технологияли маҳсулотлар сотиб олган. Бошқа нарсалар қаторида, Россия телекоммуникация компанияларидан бири ушбу порталдан Американинг Cisco ишлаб чиқарувчисидан маълумотлар узатиш ускунасини сотиб олган ва уни «ФСБ»нинг Екатеринбургдаги бошқармасига ўрнатди, деб ёзади газета. 

Уруш бошланганидан бери Россия зарур технологияларни олишни давом эттирди

Журналистлар хулоса қилишича, уруш бошланганидан буён 22 ой давомида Россия умуман ўз иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган технологияни олишда давом этган. Санкциялар киритилгандан сўнг, савдода узилишлар кузатилди, аммо россиялик етказиб берувчилар бўшлиқлар ва вақтинчалик ечимларни топди, дейилади маълумотда. Шу билан бирга, телекоммуникациялар, кузатув тизимлари, микрочиплар, қурол тизимлари ва дронларни ўз ичига олган деярли ҳар қандай тижорат ускуналарини етказиб беришда катта қийинчиликлар йўқ, деб ёзади NYT.

Нашр томонидан ўрганилган ҳужжатлар «россиялик сотувчилар АҚШнинг уларни харидлардан четлатишга уринишидан бир қадам олдинда бораётганини кўриш учун камдан-кам имкониятни тақдим этади», деб таъкидлайди нашр. 

Мавзуга оид