01:14 / 02.04.2020
13761

Етказиб бериш хизматига яқинда ишга кирган бўлса, стикер учун ҳужжатлари ўтмайди – Давлетов

«Етказиб бериш хизмати корхоналарига қўшимча пул берсангиз, ҳужжатларни қалбакилаштириб бераётган ҳолатлар бор. Бунга қарши жуда самарали тизимни йўлга қўйдик. Ҳеч қанақасига ҳеч кимни алдай олмайди», деди Адлия вазири.

Фото: KUN.UZ

Адлия вазири Русланбек Давлетов транспорт ҳаракати учун махсус рухсатномани қалбакилаштириш ҳолатларига изоҳ берди.

«Бу масалада бошидан ана шундай оқибатларга олиб келишини билганмиз. Коррупцияга қарши бўлимимиз бу билан шуғулланяпти.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигининг марказий аппаратида ҳар бир электрон аризанинг кўриб чиқилишини мониторинг қиладиган гуруҳ ишлаяпти. Жуда кўп ҳолатда агар асоссиз, етарли ҳужжатларсиз берилган бўлса, биз бекор қиляпмиз», – деди Давлетов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Адлия вазири ижтимоий тармоқларда махсус рухсатномани қалбакилаштириш бўйича турли эълонлар берилаётгани ҳолатларига ҳам изоҳ берди.

«Етказиб бериш хизмати корхоналарига қўшимча пул берсангиз, корхонага ишга олиб, машинангиз худди ўша корхонада етказиб беришни амалга оширадигандек қилиб, ҳужжатларни қалбакилаштириб берилаётган ҳолатлар бор. Бунга қарши жуда самарали тизимни йўлга қўйдик. [Махсус рухсатнома учун ариза берган фуқаро] корхонада янги ишга олинган бўлса, ҳужжатлари ўтмайди.

Меҳнат дафтарчасидан нусха сўраяпмиз. Бирдан янги ходим олиб, бизга маълумотнома берилишига ҳеч ким ишонмайди, албатта.

Биз ишонаётган энг асосий тизим – солиқ базаси билан боғлаб қўйдик. Агар ўша ходим ишлаган бўлса, у ходим бўйича тўланган солиқлар қани? Солиқлар ва Пенсия жамғармасига ўтказиб қўйилган ажратмалар бўйича тизимни улаб қўйдик. Ҳеч қанақасига ҳеч кимни алдай олмайди», – дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top