18:23 / 05.04.2020
57258

Биз билган ва билмаган Япония. Нагоя университетининг ўзбек магистранти ҳикояси

Технологиялар борасида энг ривожланган давлатлардан бири – Японияга ўқиш учун боришнинг қандай ўзига хос томонлари бор? Кунчиқар юртда талабалар қандай имкониятларга эга, таълим тизимининг фарқли жиҳатлари қанақа?

Kun.uz`нинг «Хориждаги ўзбеклар» рукнида бу гал Японияда таҳсил олаётган Азиз Ҳақбердиев билан танишамиз.

Азиз Ҳақбердиев – Сурхондарё вилоятида туғилган, ёши 32да. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетини тамомлаган. Икки йилдан бери Япониянинг Нагоя университетида меҳнат ҳуқуқи бўйича таҳсил олмоқда.

Японияга боришим ҳақида

Онам асли Термиз шаҳриданлар. Отам Навоий шаҳридан бўлганлари учун кейинчалик оиламиз билан Навоийга кўчиб келганмиз. Мактабни Навоий шаҳрида тугатиб, кейин Тошкент шаҳрида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг Халқаро ҳуқуқ факультетида ўқиганман.

Ўқишдан сўнг йўналишим бўйича иш қидиришга тушганман. Иш топиш осон бўлмаган. Иш йўқ, пул йўқ. Шу пайтларда дўстимнинг уйида текинга яшаганман. Охирида вазиятга тан бериб, чет элга кетаман деб турганимда омадим келиб, Савдо-саноат палатасининг Халқаро меҳнат ташкилоти билан ишлаш бўлимига ишга кирдим.

Бу ерда ишлашнинг яхши томони – ёш кадрларнинг қўллаб-қувватланиши. Палатада ишлаш давомида қисқа муддатли ўқишларга бориб келганман. Масалан, Жанубий Кореяда қиёсий таҳлил асосида кичик бизнесни ривожлантиришда адолатли меҳнат шароитининг ўрни, Италияда халқаро меҳнат стандартлари, Швейцарияда мажбурий меҳнат ва унинг олдини олиш масалалари бўйича билим олиш насиб қилган.

Ишда беш йиллик амалиётдан кейин одам билимларни янада кучайтиришга эҳтиёж сезар экан. Ана шунда менда магистратурада ўқиш фикри туғилган.

Қолаверса, айни пайтда давлатимиз томонидан яратилиб келаётган шарт-шароитлар, айниқса давлат ва нодавлат ташкилотлар кадрларнинг малакасини ошириш мақсадида Япония, Корея, Aнглия, Германия давлатларида бепул таҳсил олиш имкониятлари мавжуд.

Мен ҳужжатларимни кадрларни ривожлантириш грантлари учун Япония давлати томонидан беғараз ёрдам JDS дастурига (The Project for Human Resource Development Scholarship by Japanese grant aid) топширганман.

Ушбу дастур 1999 йилдан бери амалга оширилиб келинмоқда. Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистондан 265 нафар ёш мутахассис Япония университетларининг магистратура дастурларида турли йўналишлар бўйича таълим олишган. Ҳар йили 15 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ёш ва қобилиятли давлат идоралари ходимлари танлов асосида Японияда ўқишга жўнатилади.

Биринчи йил топширганимда имтиҳонларидан ўта олмаганман. Aммо иккинчи йил мен учун омадли бўлган.

Давлат томонидан берилган мазкур грантлардан кўзланган мақсад –икки давлат ўртасида кадрлар алмашиш, дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат. Ўзбекистон ва Япония – Осиё халқлари. Уларнинг маданиятлар илдизи қайсидир маънода чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун ўқиш ва ўрганиш анча осон бўлса керак, деб Японияни танлаганман. Қолаверса, ушбу мамлакатнинг ўзига хос маданияти мени ўзига жалб қилган.

Бакалаврдаги йўналишим халқаро ҳуқуқ бўлгани ва ишда халқаро меҳнат ҳуқуқи доирасида амалиёт юритганим сабабли кейинчалик меҳнат ҳуқуқи билан шуғулланишни танладим.

Ҳозирда Нагоя университетида меҳнат ҳуқуқи бўйича таҳсил оляпман. Ёшлигимда бошланган саёҳат ҳозирда Япониянинг Нагоя шаҳрида магистратура босқичида ўқиш билан давом этяпти.

Япониянинг Нагоя университети – мамлакат марказида жойлашган бўлиб, 7та император университетларидан бири ҳисобланади. Японияда Токио ва Киото университетларидан кейин учинчи ўринда туради. Дунё бўйлаб 72-ўринда. Профессорлар турли давлатлардан бўлиб, илмий салоҳияти жуда юқори. Уларнинг аксарияти – япон профессорлари. Япон ва инглиз тилларида дарс бера олишади, айрим япон профессорлари ҳаттоки немис ва француз тилларини ҳам мукаммал билишади.

Энг қизиғи, менга маъруза ўқийдиган иккита профессорим рус тилини жуда яхши ўзлаштиришган. Aйтмоқчиманки, тил бўйича умуман муаммо йўқ.

Япония ҳақидаги илк таассуротларим

Япониядаги биринчи куним ҳеч эсимдан чиқмаса керак. Ҳалигача ўша куннинг ҳавоси, ҳаттоки таъми ҳам эсимда.

2018 йил август ойи Японияда энг иссиқ ёз ойларидан бири бўлган. Aэропортдан чиқишимиз билан нафас олишим қийин бўлган, тезроқ машинага ўтириб кетгим келганди. Кондиционерни ёқиб нафас олмасам, кўчада нафас олиш жуда қийин эди.

Японияда ҳавонинг намлиги Ўзбекистондагига қараганда 7 баравар юқори. Лекин одам тез мослашар экан. Бир ҳафтадан кейин кондиционер борми-йўқми, фарқи бўлмай қолди.

Япон халқи ҳақиқатан ҳам ўзгача. Ўзгаларнинг шахсияти, вақти, шахсий қарашларини ўта ҳурмат қилишади.

Японлар барча ишлари ёзилган махсус дафтарча тутиб юришади. Мисол учун, Ўзбекистонда ишдан чиқиб, дўстингизга бугун кечки пайт бирга ўтирамиз десангиз, албатта шу куни вақт топилади. Aммо японлар билан камида бир ҳафта олдин вақтини ва бориш жойини белгилаб олмасангиз, бирор бир тадбирни ташкиллаштириш қийин.

Бутун халқ тартиб-қоидаларга ўта итоаткор. Ҳаттоки, кўчада юришганда ҳам ёзилмаган ўзаро ҳурмат қоидалари бор. Мисол учун, чап томондан юриш. Эрталаблари шошилинч пайтларида ҳеч ким бир-бири билан тўқнашиб кетмайди.

Кўчаларида икки йил давомида машина сигналини эшитганим йўқ.

Мен билан бир қизиқ ҳолат рўй берган: кўчаларда мини-банкоматлар бўлиб, пулни ечиб олиш мумкин. Бир куни банкоматда пулни ечиб, чек ва картамни олиб кетворибман. Aммо эътиборсизлигим туфайли пулимнинг бир қисми автоматда қолиб кетибди. Қизиғи шундаки, пулни ҳеч ким олмаган. Эртаси куни банк ходими менга телефон қилиб, пулимни қайтариб берган. Ҳисоб рақамимга пулни автоматик равишда қўйиб қўйишмагани сабабини тушунтириб, бунинг учун ўзим банкка келишим кераклигини айтиб, узр сўраган.

Соғлиқни сақлаш тизими жуда зўр, аммо жуда қиммат. Тишим масаласида стоматологга мурожат қилганимда битта пломба қўйиш 700 АҚШ долларига тушган.

Ўзига тўқ оила фарзандлари ҳам биринчи курсдан бошлаб ишлайди

Японияда талабалар жуда қаттиқ ўқишади. Ўзига тўқ оиладан бўлишса ҳам, университетнинг биринчи курсидан ишлашади. Қўшимча тўгараклар учун махсус кийим ва турли асбобларни олиш учун ўзлари топган пулларини ишлатишади.

Ёзги таътилда хориж давлатларига саёҳатга чиқиш учун ҳам ўзлари ишлаб топган пулларини сарфлашади.

Японларнинг ҳар бир куни бир ҳафта олдин ёзиб қўйилган. Эрталаб соат 5 ва 6дан кечки соат 24гача – ҳаммалари банд. Университетда ҳар бир талаба нима биландир банд. Бу ерда сузишдан тортиб, овқат пиширишгача бўлган турли тўгараклар бор. Буларнинг бари талабалар учун бепул. Шахсан мен япон жанг санъати – айкидо билан шуғулланяпман. Имтиҳон топшириб, даража ҳам олганман.

Университет талабалари дарсдан кейин чалғимасдан дарсларини давом эттиришлари учун маҳсус ўқув хоналари бор. Факультет талабалари ўзларининг талаба ID-карталари билан кириб фойдаланишлари мумкин. Бошқа факультет талабалари кира олишмайди. Бу хонада музлатгич, микротўлқинли печ, овқатланиш жойи, умуман ҳамма керакли нарсалар бор.

Ундан ташқари, кутубхонага бориб ҳам дарс қилиш мумкин. Кечки соат 23гача компьютер, интернет ва мультимедиа хоналаридан бемалол фойдаланиш мумкин.

Шовқин тўсиладиган махсус хоналарда талабалар гуруҳлари биргаликда дарс қилиш имкони ҳам мавжуд.

Университетга талабаларнинг кўпчилиги мотоцикл ва велосипедларда келишади. Хавфсизлик бош кийимини мотоцикл устида қолдириб кетишган ҳолатларни бир неча бор кўрганман. Шу пайтгача бирорта ўғирлик юз бергани йўқ.

Японияда ўқиш учун нима қилиш керак?

JDS гранти асосида Японияга келиш қийин эмас. Ўзбекистондаги 89та давлат ва нодавлат ташкилотларидан бирида айни пайтда ишлаётган ва дастурга ҳужжат топшириш вақтида 2 йиллик иш стажи бор одам топшира олади.

Албатта, инглиз тилини билиш, IELTS камида 5.0 бўлиши керак. Ана шулар асосий мезонлар ҳисобланади.

Япония – бу ерда ўқишга имконият бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаса бир марта келиб, ўрганиб кетиш керак бўлган мамлакатлардан бири. Ҳозирги кунда саёҳатга чиқиб турадиган юртдошларимиз, тадбиркорлар кўпайиб бормоқда. Мен уларга биринчи ўринда Японияга боришни маслаҳат берган бўлардим.

Японияда таҳсил олишни истаган талабаларга эса бу ерга келишдан олдин япон тилини ўрганишларини тавсия қиламан. Чунки японларнинг аксарияти инглиз тилини билишмайди ва улар билан япон тилисиз гаплашиш, дўстлашиш анча мураккаб бўлади.

Талаба ўзи ҳаракат қилиши кераклигини ҳис қилади

Таълим тизими тубдан фарқ қилади, айниқса магистратурада. Талаба ўзи ўқимоқчи бўлган фанларга рўйхатдан ўтади. Бунинг учун унга балл қўйилади. Бу дегани талаба фақат магистрлар учун мўлжалланган фанларни эмас, бошқа фанларни ҳам ўрганиши мумкин. Масалан, ҳуқуқ йўналишида ўқисангиз, истасангиз, бакалаврда ўтиладиган дарсларга ҳам қатнашишингиз мумкин.

Бир семестрда икки ёки учта оралиқ назорат бўлади. Ҳар бир оралиқда уйга вазифа берилади. Унда бир муаммо танлаб олинади, уни ўрганиб, таҳлил қилиб, ўз хулосаларингизни муайян стандартлар асосида ёзиб, профессорнинг почтасига юбориш керак бўлади.

Профессор ҳар бир уй вазифасини текшириб, онлайн тарзда баҳолайди. Тегишли сайтда ҳар бир талабанинг махсус платформаси мавжуд. Талаба ўз балларини ана шу ерда кўриб, билиб боради.

Таълим тизимининг қулай томони шундаки, унда университет ва ўқитувчилар томонидан талабаларни ўқишга мажбурлаш сезилмайди. Ўқисангиз ўқийсиз, ўқимасангиз, ўқишдан четлаштириласиз. Пул тўлаб, яна ўша йилни такроран ўқишга тўғри келади.

Бу ерда талаба ўзи ҳаракат қилиши кераклигини ҳис қилади. Ўзбекистонда талабалар университет томонидан мажбурлаш ва босим бўлишига ўрганиб қолган.

Японияда талабалар ҳар бир топшириқни кайси вақтда топшириши белгиланган вазифалар рўйхати берилади ва бу топшириқларни ҳамма ўзи билиб, ўз вақтида топшириши керак. Кеч қолганларга баҳо қўйилмайди. Ўзбекистонда кўп йиллар давомида ўқитувчилар, университет томонидан «уни бажар, бундай қил» каби кўрсатмаларга кўникиб қолганимиз учун дастлаб ўзбек талабалар вазифаларни ўз вақтида бажара олмаган. Чунки бизни «туртиб» турадиган ҳеч ким йўқ эди. Характеримиз ва ўқиш тартибимизни ўзгартиришга бироз вақт кетган.

Бизнинг университетларимизда мустақил равишда маълумотларни излаш, ўқиб-ўрганиш учун кутубхоналарга одатда ўқитувчилар мажбурловидан кейин борилади. Аста-секин биз Японияда бошқа талабалар билан ана шу янги тартиб қоидаларга ўрганиб олдик. Ҳаттоки, қандай қилиб куни билан китобхонада вақт ўтказганимизни сезмай қолган пайтлар ҳам бўлган.

Япония университетида талабалар учун форма йўқ. Ҳамма ўқишга ўзи истаган кийимда келади. Шундай бўлса-да, талабалар бачкана кийимда келганини ҳечам кўрмаганман.

Коронавируснинг Японияга таъсири

Коронавирус туфайли дунё қийин аҳволда. Аммо японлар тушкунликка тушишгани, бозор расталаридан барча маҳсулотларини олиб кетишаётгани ҳам йўқ. Бир-бирларини беҳурмат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилмайди. Маҳсулотларни одатдагидек навбат билан харид қилишади. Кўчада ҳамма ниқоб тақиб юради. Қўлларни дезинфекция қилиш учун жамоат жойларида махсус спиртли аралашма қўйилган.

Умуман олганда, коронавируснинг япон халқига таъсири у қадар сезиларли бўлмади. Бу ерда табиий офатлар кўп бўлгани учун одамлар тез ва якдиллик билан ҳаракат килишга ўрганишган. Вақтни бой бермасликка ҳаракат килишади. Вирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятда ҳам давлат ўта тез ҳаракат қилди. Хитойда коронавирусга оид хабарлар чиқиши билан Япония раҳбарияти томонидан турли чиқишлар бўлди. Буни биз оммавий ахборот воситалари орқали кузатдик. Уларда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ хабарлар, ҳатто биз хорижлик талабаларга ҳам электрон почта орқали етказиб турилди. Унда маҳаллий тиббиёт пункти телефон рақами, университетдаги тиббиёт пункти рақами ва хорижлик талабаларга масъул бўлган бўлимнинг телефон рақамлари 24 соат ишлайдиган тартибга ўтказилгани, у ерга бориб, маълумот олиш мумкинлиги айтилганди.

Японлар дам олиш кунлари одатда оила аъзолари, фарзандлари ва дўстлари билан паркларда дам олишади. Ҳозирда эса бундай эмас. Кўчалар, жамоат жойларида ҳамма ниқоб тақади, ниқобсиз юрган кишини деярли учратмайсиз. Университетларда барча тадбирлар тўхтатилди. Маҳаллий байрамлар бекор қилинди.

Бу ерда баҳорги таътил апрель ойида бошланиб, май ойига қадар давом этиши керак эди. Мактаблардаги таътил бир ой олдинга сурилди, яъни март ойидан бошлаб, мактаблар ёпилди.

Талабалар учун баҳорги таътил 17 апрелга қадар давом этади. Биз ҳали ҳам таътилдамиз. Шунинг учун бизнинг Нагоя университетида дарслар онлайнга ўтказиладими ёки одатий тарзда бўлади, бу ҳақда ҳали аниқ маълумот йўқ. Электрон почтага бу бўйича хабар юборилганди. Рўйхатдан ўтган талабаларнинг сонига қараб, фанлар онлайн ёки одатдаги тартибда ўтказилиши айтилганди.

Ҳар бир магистр талабага илмий иши бўйича бириктирилган профессор бўлади. Кўпчилик талабалар ўзларининг профессор ўқитувчилари билан онлайн мулоқот қилишмоқда.

Ўзбекистонга қайтганда ўрганганларимни татбиқ этаман

Асосий мақсадларимдан бири бу – япон халқи, маданияти ҳамда қандай қилиб юксак даражага чиқиб олганини ўрганиш бўлган. Ўқишим давомида нима учун Япония шунчалик ривожланиб кетгани тўғрисидаги кўплаб маърузаларда иштирок этдим. Менимча, японлар мўъжизаси бу – уларнинг ўз маданияни сақлаб қолган ҳолда ғарб маданияти билан уйғунлаштира олганида. Улар ғарб ютуқлари ортидан ўзлигини йўқотишмаган. Aксинча, уни янада юксалтириш ҳақида ўйлаб кўришган.

Бир қарашда ўта оддий бўлган жараёнларни улар бизнесда бренд даражасига олиб чиқишган. Уларнинг «Кайзен» менежменти, «Икигаи» кундалик яшаш тартиби ҳозирги биз кўриб турган Японияни шакллантирган. Мен бу китобларни ўқиб, уларнинг ўзбек ҳалқи билан деярли бир хил эканини кўрганман. Aммо уларни ҳозирда қўлламаслигимиз – бизнинг катта хатомиз, деб ўйлайман.

Ўзбекистонга қайтганда ўрганган нарсаларимни албатта татбиқ этишга ҳаракат қиламан.

Гулзода Иброҳимова суҳбатлашди.

Top