12:40 / 07.04.2020
17201

«Меҳнат патенти тўловини вақтинча кечиктириш бўйича Россия ҳукуматига нота юборилган» — ТИВ

Ташқи ишлар вазирлиги Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатиладиган ёрдам ҳақида маълумот берди.

Вазирлик матбуот котиби Авазбек Ҳожиметовнинг айтишича, карантин даврида меҳнат патенти тўловини вақтинча кечиктириш бўйича Россия Федерацияси ҳукуматига нота юборилган.

«Россияда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида 30 апрелгача барча ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилди. Натижада Россиядаги ҳамюртларимиз вақтинча ишсиз қолмоқда ва бу ҳолат уларнинг даромадларига ҳам ўз таъсирини кўрсатяпти.

Шу сабабли Ташқи ишлар вазирлиги Россия томонига меҳнат патенти бўйича тўловлар муҳлатини ишланмайдиган давр тугаб, меҳнат бозори тиклангунича кечиктириш, шу вақт мобайнида меҳнат муҳожирларини маъмурий жавобгарликка тортмасликни сўраб расмий нота юборди.

Ҳозирги пайтда мазкур масала Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан кўриб чиқилмоқда», дея Авазбек Ҳожиметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, вазирлик вакили Ўзбекистонга қайтиш мақсадида Новосибирск аэропортида тўпланган ўзбекистонликларнинг ҳайдаб чиқарилиши ҳолати бўйича изоҳ берди.

«Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси ёрдами билан 2020 йил 22 март куни «Толмачево» аэропортида бўлган Ўзбекистоннинг 253 нафар фуқаросининг барчаси чартер рейс билан қайтарилган эди.

Республика махсус комиссиясининг 30 мартдан 20 апрелга қадар мамлакатимиздаги барча аэропортларни вақтинча ёпиш ва авиарейсларни тўхтатиш тўғрисидаги қарори қабул қилинганига қарамай, Ўзбекистон фуқароларининг Новосибирск аэропортига келиши давом этмоқда.

2020 йил 2 апрелда «Толмачево» аэропорти раҳбарияти томонидан ички рейслар учун электрон чиптага эга бўлган йўловчилардан бошқа шахсларнинг аэропортга киришини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шу куннинг ўзида Бош консулхона вакиллари аэропортга келиб, барча 87 нафар ўзбекистонликни ҳостелга жойлаштирган. Вазият назоратга олинган, дипломатларимиз уларнинг ҳолидан хабар олиб турибди», деди Авазбек Ҳожиметов АОКАда ўтказилган брифингда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top