18:43 / 07.04.2020
9114

Ўзбекистон нефть ва газ қазиб олишни кўпайтириш учун 650 млн доллар кредит олмоқчи

2017-2021-йилларда углеводород хомашёси қазиб чиқаришни кўпайтириш дастурини молиялаштиришни давом эттириш мақсадида 650 млн доллар миқдоридаги кредит маблағларини жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Фото: AP/Rich Pedroncelli

Бу – президент Шавкат Мирзиёев 4 апрель куни имзолаган «Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда кўзда тутилган.

Ҳужжатда қайд этилишича, 650 млн долларлик кредитнинг 250 млн доллари Ипак йўли жамғармаси (Хитой) ва хорижий тижорат банклари, 400 млн доллари экспорт-кредит агентликлари ҳисобидан жалб қилинади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимовнинг Kun.uz`га маълум қилишича, 650 млн. доллар миқдоридаги хорижий кредит 185та қудуқни бурғулаш, 172та қудуқни капитал таъмирлаш, 7та сиқув компрессор станцияларини қуриш ва бошқа тадбирларга йўналтирилади.

«Натижада 2030 йилгача қўшимча равишда 118 млрд. куб метр табиий газ ҳамда 2,3 млн. тонна газ конденсати қазиб чиқарилади», – деди «Ўзбекнефтгаз» расмийси.

Қарор билан, Энергетика вазирлигига Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан биргаликда 2020 йил 1 июнгача маблағ тўплаш вазифаси юклатилди.

Молия вазирлиги дастурни молиялаштириш учун «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «Ипак йўли» жамғармаси ва хорижий тижорат банклари олдидаги мажбуриятлари бўйича белгиланган тартибда давлат кафолатларини беришга ваколатли ҳисобланади.

Президент қарорига мувофиқ, нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини яхшилаш бўйича «йўл харитаси» ҳам ишлаб чиқилади. Бундан ташқари, соҳадаги барча корхоналарда коррупцияга қарши «комплеанс-назорат» тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, ҳужжатда юқори малакали хорижий эксперт ва мутахассислар, шу жумладан хориждаги ватандошларни нефть-газ тармоғи корхоналарига ишга ёллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, нефть-газ тармоғидаги фаолият турларини лицензиялаш соддалаштирилиши белгиланган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖ устав жамғармаларида давлат улуши оширилади.

Top