12:18 / 07.04.2020
21692

Хориждан ватанга қайтиш истагидаги фуқаролар рўйхати янгиланмоқда — ТИВ

Хориждан ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар рўйхати тузилиб, у мунтазам янгиланмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Авазбек Ҳожиметовнинг маълум қилишича, янги чартер рейсларни ташкил этиш масаласи кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, ваколатли вазирлик ва идораларга киритилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

7 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи ишлар вазирлиги вакили янги чартер рейсларни ташкил этиш масаласи кўрилаётганини маълум қилди.

«»Коронавируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йилнинг 30 мартидан 20 апрелига қадар мамлакатимиздаги барча аэропортлар вақтинча ёпилиб, барча авиарейслар тўхтатилган.

Хориждан ватанга қайтиш истагини билдирган юртдошларимиз рўйхати тузилиб, у мунтазам янгиланмоқда. Чартер рейсларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссияси, ваколатли вазирлик ва идораларга киритилган», дея Авазбек Ҳожиметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Брифингда коронавирусга қарши кураш учун хорижий мутахассисларни олиб келиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

«Ҳозиргача мамлакатимизда хорижлик мутахассис сифатида Жанубий Кореядан таклиф этилган шифокор фаолият кўрсатмоқда. У 29 март куни, яъни авиарейсларни тўхтатиш тўғрисидаги қарор чиқишидан аввал Ўзбекистонга кириб келган.

Хитой ва Жанубий Кореядан бошқа мутахассисларни таклиф қилиш бўйича музокаралар давом эттирилмоқда. Мутахассисларнинг қачон ва қандай усулда давлатимизга олиб келиниши бўйича Республика махсус комиссисиянинг қарори қабул қилиниши кутиляпти», дейди вазирлик матбуот котиби.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top