20:48 / 08.04.2020
8430

Учқудуқда карантин қоидаларини бузиб, олтин қазиш билан рухсатсиз шуғулланган 26 киши жазога тортилди

Навоий вилояти Учқудуқ туманида карантин қоидаларини бузган ҳолда олтин қазиш билан шуғулланган 26 киши қўлга олинди ва уларга нисбатан жазо тайинланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Маълум қилинишича, Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи 26 нафар фуқаро республика ҳудудида карантин эълон қилинган бўлишига қарамасдан, 2020 йил 6 апрель куни ниқобсиз ҳолда ҳамда тегишли тартибда рухсати бўлмасдан Навоий вилоятининг Учқудуқ туманидаги қўриқланмайдиган конлардан таркибида олтин бўлган тошларни қазиб олаётгани аниқланган.

Шунингдек, мазкур фуқаролар ички ишлар органлари ходимларининг талабларига бўйсунмасдан, воқеа жойидан яширинишга ҳаракат қилган.

Учқудуқ туман маъмурий судида ушбу шахсларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 165-моддаси (Фаолият билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланиш) ҳамда 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) асосида маъмурий иш кўриб чиқилди.

Суд бу фуқароларнинг айби ашёвий далиллар ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган деб ҳисоблади. Учқудуқ туман маъмурий судининг 2020 йил 7 апрелдаги қарори билан 26 нафар ҳуқуқбузарга маъмурий қамоқ ва жарима жазолари тайинланган.

Top