20:09 / 27.11.2022
21738

Қозоғистонлик наркокурьерларнинг Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмоқчи бўлган режаси фош этилди

Навоий вилоятининг Учқудуқ тумани Қизилқум чўли ҳудудидан қозоғистонлик наркокурьерлар томонидан хуфиёна тарзда кўмиб кетилган 12 минг дона “Трамадол” таблеткаси аниқланган.

Тезкор тасвирлардан лавҳа

ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Республика божхона бошқармаси билан ҳамкорликда мазкур дори воситаларининг ҳақиқий эгасини аниқлаш мақсадида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тўрткўл туманида яшовчи, муқаддам судланган 34 яшар шахс қўлга олинган.

Шу билан бирга, мамлакатимизга Қирғизистон Республикасидан ноқонуний йўллар билан кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб келиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Жумладан, “Фарғона-Қўқон” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган “Нексия” русумли автомашина Олтиариқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам бир неча марта судланган 33 яшар йўловчига тегишли юк орасида 2803 дона “Регапен” ва 1000 дона “Тропикамид” борлиги маълум бўлган.

Тезкор тасвирлардан лавҳа

Бундан ташқари, бошқа бир тезкор тадбирда Зангиота туманида яшовчи, 35 яшар тиш шифокори ўзининг Олмазор туманида жойлашган хусусий клиникасида 1960 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сақлаб келаётгани аниқланган.

Тезкор тасвирлардан лавҳа

Йўловчи бу психотроп дориларни Фарғона туманида яшовчи 24 яшар фуқародан 50 млн сўмга сотиб олганини айтгач, у ҳам қўлга олинган.

Фарғоналик яна бир шахснинг уйидан 1050 дона “Регапен” ва 101 дона “Тропикамид” чиққан.

Тезкор тасвирлардан лавҳа

Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top